Нукуслик тадбиркор-ихтирочи чиқинди матолардан суюқ гулқоғоз ишлаб чиқармоқда

Нукуслик тадбиркор-ихтирочи чиқинди матолардан суюқ гулқоғоз ишлаб чиқармоқда

Нукус шаҳридаги кўп қаватли уйлар йўлакларига суюқ гулқоғоздан ишланган суратлар кўпчиликнинг эътиборини тортмоқда.

Турли инновацион ғоялари билан эътиборга тушаётган нукуслик тадбиркор-ихтирочи Рашид Қартбаев энди чиқинди матолардан ҳам самарали фойдаланиш йўлини топди. Унинг корхонасида айнан кўп қаватли уйлар йўлаклари учун ишлатиладиган суюқ гулқоғоз тайёрланмоқда.

3 (1).jpg

Чиқиндиларга иккинчи ҳаёт бериш ғояси билан яшаётган Р.Қартбаев корхонаси ҳомийлиги ҳисобидан Нукус шаҳридаги “Темир йўл” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 22-кичик туман 1.Д уйнинг кириш йўлакларини янги ихтиросини қўллаган ҳолда, таъмирдан чиқарди.

Муҳими, суюқ гулқоғозлар билан кириш йўлакларини таъмирлаш кўп қаватли уйда яшовчи аҳоли учун маъқул келиб, анча арзонга тушмоқда.

14.png

«Ойдин йўл коммунал» ширкати раиси Б.Бердибоеванинг таъкидлашича, кўп қаватли уйларнинг ҳар бир подъезди учун 7 миллион сўм атрофида харажат қилинган бўлса, суюқ гулқоғоз билан таъмирдан чиқарилган йўлаклар учун ҳар бирига атиги 3 миллион 200 минг сўм кифоя қилган.

10.png

– Ҳозир чиқинди деб ташланган деярли барча нарсаларга иккинчи ҳаёт бермоқдаман, – дейди тадбиркор Рашид Қартбаев. – Бу чиқинди матолар махсус дастгоҳларда майдаланади ва унга ранг берилади. Маҳсулотимиз нархи арзон ва сифатли бўлгани боис бозори чаққон. Энг асосийси, атроф-муҳит мусаффолигига ҳисса қўшяпман.

Олдинги мақолаларимизда тадбиркорнинг полиэтилен чиқиндилардан томёпгич, брусчатка, қувур ва бошқа нарсалар ишлаб чиқараётгани, япроқдан уй қураётгани, парранда учун ташландиқ суяклардан ун ишлаб чиқараётгани, 7 сотих ердан 70 тонна тарвуз етиштириш учун тайёргарлик кўраётгани ҳақида ёзган эдик.

Шу ўринда айтиш керакки, ихтирочи-тадбиркор Рашид Қартбаев чиқиндилардан ўтган йили 1 миллиард 200 миллион сўм даромад кўрган.

Есимхон Қанаатов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги директори

 

ЎзА

  22.02.2018, 10:19  |    161 марта кўрилди

Рахмат

Сайт администрацияси хато матн хакида огохлантирилди!