photo_2018-01-29_12-23-29.jpg
 

Ҳиндистонда бокс бўйича катталар ўртасида ўтказилаётган “India Open” халқаро турнирининг биринчи давра баҳслари кескин ва муросасиз беллашувларга бой ўтмоқда. 


Мусобақанинг илк даврасида мамлакатимиз шарафини вазни 91 килограммдан ортиқ бўлган боксчилар ўртасида ҳимоя қилган Баҳодир Жалолов ҳиндистонлик Кумар Парвинга қарши рингга кўтарилди ва рақибига ҳеч қандай имконият қолдирмади.

Вазни 56 килограмм бўлган Абдулҳай Шораҳматов индонезиялик Сунан Агунг Аморагамни, 69 килограмм вазн тоифасида Бобоусмон Ботуров Сейшел ороллари вакили Барнслей Шаин Бонифатсени мағлубиятга учратиб, навбатдаги босқичга йўл олди.

“India Open” турнирининг бугунги баҳсларида ҳамюртларимиздан Мироншоҳ Иброҳимов филиппинлик Рамел Магадога билан, Худойназар Файзов индонезиялик Алдомс Сугуро билан куч синашади.

Шербек Раҳматуллаев эса мезбон спортчи Синг Бунтени синовдан ўтказса, истеъдодли боксчимиз Иқболжон Холдоров иорданиялик Аласбех Обада Мустафога қарши рингга кўтарилади. Шунингдек, тажрибали спортчимиз Исроил Мадримов индонезиялик Сандярто Дено Ферожа билан Санжар Турсунов камерунлик Кристиан Ндзие Сое билан рақобатлашади.

 

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА