Давлатимиз раҳбарининг фармони билан 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ва уни 2022 йил – “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури қабул қилинди.

Мазкур фармон халқимиз билан маслаҳатлашган ҳолда ишлаб чиқилиб, энг асосийси, унда инсон қадрини улуғлашга алоҳида эътибор қаратилган. Шунинг учун ҳам ушбу фармон “Ҳаракатлар стратегияси”дан – “Тараққиёт стратегияси”га ўтишда тарихий ҳужжат бўлиб хизмат қилади. Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси билан 7 та устувор йўналиш доирасида 100 та мақсадга эришиш бўйича 2022 йилда 398 та аниқ чора-тадбир амалга оширилади.

Таъкидлаш керак, Қорақалпоғистон ҳамиша давлатимиз раҳбарининг эътибор марказида бўлиб келган. Мазкур Давлат дастурида ҳам ҳудудимизга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, жорий йилдан бошлаб, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги 1-4 синф ўқувчиларини давлат бюджети маблағи ҳисобидан бепул овқат билан таъминлаш тизими йўлга қўйилади. Бунда, ҳозирда 1-4 синфларда таълим олаётган 139 минг 363 нафар болажонимиз сифатли, санитария меъёрий қоидаларга мос ишлаб чиқилган таомнома билан таъминланади.

Қорақалпоғистонда чорвачиликни ривожлантириш жамғармасини ташкил этиб, йиллик 5 фоиз ставкада кредит ажратилади. Кимё ва газ кимё технологик кластерлари ташкил этилади, бу эса янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва қўшимча янги иш ўринларини яратиш имконини беради. Шунингдек, “Саҳродаги Лувр” номи билан танилган И.Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейининг илмий-маданий, маърифий имкониятларини кенгайтириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилган.

Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифалар асосида Қорақалпоғистон Республикаси аҳолисининг турмуш шароитини  яхшилаш борасида келгуси 5 йил учун катта режалар белгилаб олинди. Бунинг учун албатта биринчи навбатда аҳоли ва тадбиркорларни ташвишга солаётган энг долзарб масалалар пухта ўрганиб чиқилди.

Бугунги кунда Қорақалпоғистонда энг катта масалалардан бири бу – янги иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадларини ошириш ва шу орқали камбағалликни қисқартириш ҳисобланади.  Бу борада, келгуси беш йилда “маҳаллабай” ишлаш тизими асосида 288 минг иш ўрнини яратиш орқали камбағаллик 3 баробарга қисқартирилади.

Бунда, иш ўринлари яратиладиган соҳалар бўйича аниқ ҳисоб-китоблар ишлаб чиқилган. Жумладан, 41 мингдан ортиқ кичик бизнес субъекти ташкил этиш ва тадбиркорликни янада ривожлантириш орқали 100 мингта иш ўрни,  умумий қиймати 5 миллиард 100 миллион долларлик 2300 тадан зиёд инвестиция лойиҳасини амалга ошириш орқали 76 мингта иш ўрни яратилади.

Шу жумладан, Қораўзак туманидаги “Тебинбулақ” кони негизида кон-металлургия комплексини барпо этиш ишлари бошланади. Ушбу лойиҳанинг қурилиш ишлари ҳамда атрофида ташкил этиладиган хизмат кўрсатиш объектларида жами 7850 нафар аҳоли банд бўлади. Шунингдек, Беруний туманида “Аква пауэр” компанияси (Саудия Арабистони) томонидан шамол электр станциясини ташкил этиш лойиҳасининг қурилиш ишларига  минг нафардан ортиқ ишчи жалб этилади. Бундан ташқари, хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш орқали 50 мингта, қишлоқ хўжалиги ерларини ижарага бериш орқали 50 мингта, аҳоли томорқаларида сув таъминотини яхшилаш орқали 12 мингта иш ўрни яратилади.

Юқоридагилар билан бир қаторда аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш мақсадида марказлашган ичимлик суви таъминоти  65 фоиздан – 90 фоизга ҳамда оқова сув таъминоти 16 фоиздан – 54 фоизга етказилади.  Ҳудудда 5 минг километрдан ортиқ автомобиль йўлида ҳамда 350 га яқин кўприкда  қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиб,  730 та кўп қаватли ва 2500 якка тартибдаги уй-жойни қуриш ҳисобига 22 мингдан ортиқ оила уй-жой билан таъминланади. Шунингдек, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари доирасида ҳар йили 34 та маҳаллада қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилиб, қишлоқ аҳолисига муносиб турмуш шароити яратилади.

Яна бир муҳим масалаларнинг бири, аҳолининг ижтимоий муҳофазасини таъминлаш, таълим, тиббиёт хизматлари сифатини ошириш борасида бир қатор вазифаларни белгилаб олганмиз.

Келгуси 5 йилда Қорақалпоғистон Республикасида 90 мингдан зиёд янги ўқувчи ўрни яратилади. Мактабгача ёшдаги болалар таълим-тарбияси учун зарур шароитлар ташкил этилади.

Хусусан, 40 та янги давлат ва хусусий, 525 та оилавий боғча ташкил этилади, 73 та давлат боғчаси реконструкция қилинади ва яна 40 минг нафар болаларга боғчага бориш имконияти яратилади.

Сифатли ва малакали тиббий хизматларни маҳаллагача етказиш мақсадида ҳар бир маҳаллага бириктирилган “тиббиёт бригадалари” ва оилавий поликлиникалар сурункали касалликларни аниқлаш бўйича зарур воситалар билан таъминланади.

Булардан ташқари, бугунги кунда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, кафолатли сув билан таъминлаш ўта муҳим масалалардан ҳисобланади.

Келгуси 5 йилда 1267 километр ирригация-мелиорация тармоғини таъмирлаш ва тиклаш орқали 120 минг гектар майдоннинг мелиоратив ҳолати ҳамда 100 минг гектар майдоннинг сув таъминоти яхшиланади.

Тараққиёт стратегиясини ҳамда жорий йилга белгиланган Давлат дастурининг ижросини тизимли ташкил этиш учун қуйидаги вазифаларни белгилаб олганмиз. Биринчидан, Қорақалпоғистон Республикасини 2022 йилда комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган ҳудудий дастурни қайта кўриб чиқиб, Тараққиёт стратегиясида назарда тутилган мақсадларнинг тўлиқ қамраб олиниши таъминланади.

Иккинчидан, Дастур ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш учун Ишчи гуруҳлар ташкил этилади ва ҳар бир бандга масъул раҳбарлар бириктирилади.

Учинчидан, ҳар чорак якуни бўйича сессияларда депутатлар иштирокида Дастур ижроси юзасидан масъул раҳбарларнинг ҳисоботлари эшитиб борилади. Бунда асосий эътибор маҳаллаларда ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари фаолияти ташкиллаштирилиб, уларнинг ишлари самарали йўлга қўйилишига қаратилади.

Қахрамон Сариев,
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси.
ЎзА