Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизматининг хабар қилишича, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 24 январь куни Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Ин билан телефон орқали мулоқот қилди. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Президент Мун Чжэ Инни туғилган куни билан самимий қутлаб, унинг Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси ўртасидаги дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини ривожлантириш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашга қўшаётган улкан ҳиссасини алоҳида қайд этди.

2017 йилнинг ноябрь ойида Сеул шаҳрида бўлиб ўтган тарихий аҳамиятга эга олий даражадаги самарали учрашув ва музокаралар кўп қиррали ўзаро алоқаларни ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратгани ҳамда икки томонлама муносабатларга аниқ амалий мазмун бахш этгани чуқур мамнуният билан қайд этилди.

Президент Мун Чжэ Ин Президентимиз Шавкат Мирзиёевга табрик ва эзгу тилаклар учун самимий миннатдорлик билдирди. Ўзбекистон Президенти тимсолида Ўзбекистон – Жанубий Корея ҳамкорлигини ҳар томонлама мустаҳкамлаш борасида ҳақиқий дўст, маслакдош ва ҳамфикрга эга бўлганини алоҳида таъкидлади.

Корея Республикаси раҳбари, шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёевнинг замонавий Ўзбекистон тарихида илк бор Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасини юксак баҳолади. Ўзбекистон ва Жанубий Кореяда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ўзгаришларнинг янги босқичи муҳим вазифалари ва устувор мақсадларига кўра муштарак экани қайд этилди.

Мулоқотда икки мамлакат раҳбарлари Ўзбекистон – Жанубий Корея ҳамкорлигини янада кенгайтириш истиқболларини атрофлича муҳокама қилди, минтақавий ва халқаро долзарб масалалар бўйича фикр алмашди.

Жанубий Кореянинг илғор тажрибаси, илм-фан ютуқлари ва технологияларини Ўзбекистонда саноат ва инфратузилмани модернизация қилиш, ижтимоий секторни ривожлантиришга фаол жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилди.

Корея Республикаси Президенти кўп миллатли Ўзбекистон халқини шу кунларда Хитой Халқ Республикасида бўлиб ўтаётган футбол бўйича Осиё чемпионатида ёшлар терма жамоамиз кўрсатаётган ажойиб ўйин ва жамоамиз мусобақа финалига чиққани билан самимий қутлади.

Ўз навбатида, Ўзбекистон Президенти Корея Республикаси раҳбарияти ва халқига Пхёнчханда ташкил этиладиган ва жаҳон спорти тарихига кирадиган, ҳақиқий дўстлик ва ўзаро англашув байрамига айланадиган қишки Олимпия ўйинлари муваффақиятли ўтишини чин дилдан тилади.

Мулоқот сўнгида давлат раҳбарлари мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ришталари ва анъанавий яқин ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш ва мустаҳкамлашга тайёр эканини яна бир бор тасдиқладилар.

 

ЎзА