Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг йигирма тўртинчи сессияси бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати, Қорақалпоғистон Республикаси ҳукумати аъзолари, cектор ва соҳа раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Сессияда Қорақалпоғистон Республикасини 2021 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда 2022 йилги режалар тўғрисида Вазирлар Кенгашининг Раиси Қ.Сариев аҳолига мурожаат йўллади.

Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ҳокимларнинг кенг жамоатчиликка 2021 йилги ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда 2022 йилги режалар тўғрисида Мурожаатномаси тақдим этилмоқда.

Жорий йил якунида ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 108,7, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 111,6, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 105,5, қурилиш-пудрат ишлари 111,6, хизматлар ҳажми 124,9 фоизга ўсиши, аҳоли жон бошига эса саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 2020 йилга нисбатан 846,8 минг сўмга ошиб, 8,1 миллион сўмни ташкил этиши ёки 111,5 фоизга ўсиши, хизматлар ҳажми 1,1 миллион сўмга ошиб, 4,5 миллион сўмни (133,1%) ташкил этиши кутилмоқда. Шунингдек, 23100 та янги иш ўрни яратилиб, бандлик дастурининг ижроси 105 фоизга бажарилишига эришилади.

Қорақалпоғистон Республикасида 2021 йилнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш Дастурига асосан, жами қиймати 5 триллион 83 миллиард сўмлик 756 та лойиҳа ишга туширилиб, уларнинг эвазига 9206 та янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган. Шунингдек, 91,6 миллион долларлик хорижий инвестиция ўзлаштирилиб, унинг миқдори 2020 йилга нисбатан 112 фоизга ўсиши, йил якуни билан 124,0 миллион долларлик маҳсулот экспорти амалга оширилиб, ўтган йилга нисбатан 122,4 фоизга ва экспортёр корхоналар сони 50 тага ошиши кутилмоқда.

Жорий йилда «Темир дафтар»га киритилган 15 190 та оилага ҳамда «Ёшлар дафтари» ва «Аёллар дафтари»га киритилган жами 94 минг нафардан зиёд фуқарога ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатилди, жами 3 та жамғармага маҳаллий бюджетдан 42,6 миллиард сўм маблағ ажратилди.

Жорий йилда 505,6 километр ички йўллар таъмирланди. Шунингдек, 680,6 километр ичимлик сув тармоғи қурилиб, таъминланганлик даражаси 68,1 фоизга етди. Электр таъминоти бўйича жорий йилда 843,6 километр тармоқ ва 207 дона трансформатор пункти реконструкция ва модернизация қилинди. Амалга оширилган ишлар натижасида 71 мингдан ортиқ хонадон, мингга яқин тадбиркорлик субъекти ҳамда 180 дан ортиқ ижтимоий соҳа муассасаларининг электр таъминоти яхшиланди.

Ижтимоий соҳа инфратузилмасини яхшилаш мақсадида жорий йил давомида жами 281 та объектда, жумладан, 46 та боғча, 206 та мактаб, 18 та тиббиёт ҳамда 11 та бошқа ижтимоий соҳа муассасаларида қурилиш, таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, ушбу мақсадларга 413 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди.

Қишлоқ хўжалик экинларини жойлаштиришда анъанавий ёндашувлардан воз кечиб, деҳқонлар даромадини кўпайтирадиган, экспортбоп маҳсулотларни етиштириш устида тинмай изланишлар олиб борилмоқда. Ислоҳотлар аҳолининг барча қатламлари манфаатларига ижобий таъсир кўрсатмоқда, деҳқон ва фермерлар, кластер хўжаликлари ўзлари етиштирган ҳосилнинг ҳақиқий эгасига айланди. Ташкил этилган кластерлар томонидан амалга оширилаётган ишлар сабабли ҳозирда пахта ҳосилдорлиги сезиларли даражада ўсди. Бундан 4-5 йил аввал ҳосилдорлик 20 центнер бўлган бўлса, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида жорий йилда 28 центнергача ҳосилдорликка эришилди.

Келгуси 5 йилда 288 мингдан зиёд доимий иш ўрни яратиш орқали камбағалликни 3 бараварга қисқартирилиб, умумий қиймати 5 миллиард 100 миллион долларлик 2 мингдан зиёд инвестиция лойиҳаси амалга оширилади. Ҳудудларда 45 та янги кичик саноат зонаси барпо этилади. Экспорт ҳажмлари камида 4 баробарга оширилиб, 500 миллион долларга етказилади.

Мурожаат юзасидан депутатлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди. Шунингдек, сессияда бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди ва тегишли қарорлар қабул қилди.

 

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА