Ўзбекистон иқтисодиётида юқори ўсиш суръатларини сақлаб қолиш учун макроиқтисодий барқарорлик таъминланади.

Бунда, 2023 йил охиригача инфляция даражаси 5 фоизга туширилади.

Давлат бюджети тақчиллиги ялпи ички маҳсулотга нисбатан 2,5 фоиздан ошмаслиги таъминланади.

Бунинг учун, бюджет маблағларини самарали тақсимлаш ва назорат қилишнинг янги тизими йўлга қўйилади.

Бундан буён, бюджет харажатлари биринчи навбатда фуқароларнинг турмуш шароитини яхшилаш ва ҳудудларни ривожлантиришга йўналтирилади.

Маълумки, бу йилдан бошлаб жорий этилган “Фуқаролар бюджети” дастури доирасида 14 та туман бюджетининг 5 фоизи, аҳоли таклифлари асосида долзарб муаммоларни ечишга қаратилди.

Келгуси йилдан бошлаб ҳар бир туман бюджетининг камида 5 фоизи ушбу дастур орқали тақсимланади. Шу тариқа бевосита аҳолининг талаблари асосида йилига 1,5 – 2 триллион сўм маблағ, жойлардаги энг долзарб муаммоларни ҳал этишга сарфланади.

Яна бир муҳим масала – янгидан жалб қилинадиган йиллик ташқи қарз миқдори 5 миллиард доллардан ошмаслиги таъминланади.

Иқтисодиётда молиявий ресурсларни кўпайтириш мақсадида, келгуси 5 йилда фонд бозори ҳажми 200 миллион доллардан 7 миллиард долларга етказилади.

Бунда, мамлакатимизда капитал олиб кириш бўйича мавжуд чекловлар қайта кўриб чиқилиб, барча учун қулай бўлган шарт-шароитлар яратилади.

 

ЎзА