Биринчидан, бугунги кунда мамлакатимиз аҳолиси 35 миллионга етди, 2026 йилга бориб эса, 38 миллиондан ошиши кутилмоқда.
Бу – юртимиз жаҳонда аҳоли сони бўйича 37-ўринга чиқиб, Польша, Канада, Саудия Арабистони каби давлатлар аҳолисидан ҳам ошади, дегани.
Иккинчидан, аҳолимизнинг қарийб 55 фоизини ёшлар ташкил этади ва ҳар йили меҳнат бозорига камида 600 минг ёшлар кириб келмоқда.
Бундай демографик ўсиш биз учун ҳам имконият, ҳам жуда катта масъулият демакдир.
Учинчидан, дунё миқёсида иқтисодиётнинг таркиби кескин ўзгариб, рақамли ва био технологиялар, сунъий интеллект каби соҳалар, шиддат билан ҳаётга кириб келмоқда.
Иқтисодиёт ривожини ускуналар эмас, балки замонавий билим ва инновациялар белгилайдиган замон келди.
Тўртинчидан, иқлимнинг кескин ўзгариши, сув ресурсларининг камайиб бориши, инсоният учун келажакдаги эмас, айнан бугунги кундаги долзарб муаммога айланди.
Бу эса дунё миқёсида қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат хавфсизлиги, аҳоли саломатлиги ва даромадларига жиддий хавф солмоқда.
Бешинчидан, халқаро майдондаги ва минтақамиздаги зиддиятлар, радикализм, экстремизм ва терроризм каби хавф ва таҳдидлар, халқимиз тинчлиги ва осойишталигини кўз қорачиғидай асраб-авайлаш нақадар муҳимлигини кўрсатмоқда, – деди Шавкат Мирзиёев.
ЎзА