Пойтахтимиздаги Халқаро конгресс марказида Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг X съезди бўлиб ўтмоқда. Унда Шавкат Мирзиёев ўз сайловолди дастури – Янги Ўзбекистон стратегиясининг асосий йўналишлари бўйича маъруза қилмоқда.
– Шу ўринда яна бир бор таъкидлаб айтмоқчиман: биз ўтган беш йилда катта тажриба орттирдик. Халқимиз бизга ишонди ва инонди.
Айни вақтда эл-юртимиз биздан янги режа ва дастурларни амалга оширишни кутмоқда.
Халқимизнинг ана шундай ишончи ва орзу-ниятлари, эзгу умидларини рўёбга чиқариш мақсадида:
юртимизда тинчлик ва барқарорликни сақлаш;
фуқаролар ва миллатлар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш;
халқимизнинг маънавий дунёсини янада юксалтириш;
Ўзбекистонда яшаётган, миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳар бир ватандошимизнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя этиш, кафолатли даромад манбаи, тиббий хизматлар ва уй-жой, сифатли таълим билан таъминлаш;
камбағалликни қисқартириш ва эҳтиёжманд аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш;
мамлакатимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътибори ва нуфузини оширишга қаратилган Янги Ўзбекистон стратегиясини ишлаб чиқдик.
Бугун сизларга тақдим этилган шу номли китобда ушбу Стратегиянинг устувор йўналишлари ҳақида батафсил фикр юритилган, – деди Шавкат Мирзиёев.