Давлатимиз раҳбарининг қайд этишича, қабул қилинган Ҳаракатлар стратегияси иқтисодиётимизнинг барча соҳаларида бозор механизмларини амалда жорий этиш ҳисобидан барқарор ривожланиш учун мустаҳкам пойдевор яратди.
Энди мавжуд захира ва имкониятларни сафарбар этган ҳолда келгуси беш йилда аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулотни 1,6 баробар ошириш вазифаси турибди.
Шу тариқа 2030 йилга бориб, аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадни 4 минг доллардан ошириб, Ўзбекистонни “даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар” қаторига киритиш режалаштирилган.
Келгуси беш йилда саноат маҳсулотлари ҳажми 1,4 баробар, меҳнат унумдорлиги эса камида 2 марта оширилади. Бунга, аввало, “драйвер” соҳаларда, “хомашёдан – тайёр маҳсулотгача” деган тамойил асосида, саноат кластери тизимини ривожлантириш орқали эришилади.
Мисол учун, мис саноати кластерини ташкил этиш билан келгуси беш йилда мис ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми 2 мартага кўпаяди ҳамда 8 миллиард долларлик маҳсулот ишлаб чиқаришга асос яратилади.
Навоий, Олмалиқ ва Бекобод металлургия корхоналарида қатор йирик лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобига, қўшимча 10 миллиард долларлик маҳсулотлар ишлаб чиқариш таъминланади.
Шунингдек, табиий газни қайта ишлаш даражасини 8 фоиздан 20 фоизга ошириш орқали кимё саноатида 2 миллиард долларлик маҳсулот ишлаб чиқарилади.
Яқинда “Навоийазот” корхонаси негизида, Марказий Осиёда биринчи йирик кимё технологик кластери ташкил этилган эди. Келгуси йилларда Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Қашқадарё, Фарғона ва Тошкент вилоятларида яна 5 та кимё кластерлари ташкил этилади ва уларда қиймати қарийб 7 миллиард долларлик 40 дан зиёд лойиҳалар амалга оширилади.
Ушбу лойиҳалар учун ёш, замонавий билимларга эга кадрлар ва олимларни тайёрлаш мақсадида Тошкентдаги Улуғбек шаҳарчасида кимё соҳасида илмий ва таълим кластери ташкил этилади.
ЎзА