Президент Шавкат Мирзиёев саноат корхоналари, қишлоқ хўжалиги лойиҳалари, бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишиш, маҳаллалардаги шароитни ўрганиш мақсадида 18 февраль куни Наманган вилоятига келди.

Ташриф дастурига мувофиқ илк манзил Янгиқўрғон тумани бўлди.

Давлатимиз раҳбари ўтган йили июнь ойида вилоятда бўлганида Косонсой, Чортоқ, Янгиқўрғон туманларини боғдорчиликка ихтисослаштириш яхши самара беришини айтган эди. Жорий йил 11 январда эса “Наманган вилоятининг Косонсой, Чортоқ ва Янгиқўрғон туманларида мева-сабзавотчилик ва узумчиликни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент қарори қабул қилинди.

Шунга мувофиқ, ушбу тоғли туманларда замонавий боғ ва токзорлар ташкил этилмоқда.

Улардан бири – Янгиқўрғондаги “Sura General Investments” масъулияти чекланган жамиятининг боғи. Илгари суғорилмаганлиги сабабли шу пайтгача унумли фойдаланилмай келинган бу ерда Бирлашган Араб Амирликларининг 3 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестицияси ҳисобига 103 гектар майдонда интенсив боғ барпо этилди.

Аввало, 250 метр чуқурликдан сув чиқарилди. Ҳовуз қазилиб, томчилатиб суғориш тизими ўрнатилди. Ўтган йили Италиядан кўчат олиб келиниб, 48 гектарга гилос, 26 гектарга ўрик, 22 гектарга шафтоли, 7 гектарга олхўри экилди.

Президентимиз боғнинг иқтисодий самарадорлиги билан қизиқди. Бу ерда мева ҳосилдорлиги оддий усулдагига нисбатан 3 марта юқори. Навлари ҳам бозорбоп. Томчилатиб суғориш тизими натижасида ҳар гектар ерда сувни 2 баробар кўпроқ иқтисод қилиш мумкин.

Дарахтлар келгуси йили ҳосилга киради. Боғнинг йиллик қуввати 5 минг тонна бўлади. 4 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш режалаштирилган. Корхона яна минг гектарда боғ яратишни мақсад қилган.

Боғда 40 киши иш билан таъминланган. Қатор ораларида сабзавот етиштириш учун ишсиз ёшларга ер бўлиб берилган.

Давлатимиз раҳбари шундай ёшлар билан суҳбатлашди.

– Сизларнинг ишли бўлганларингни, кайфиятларингни кўриб хурсандман. Йўлларингизни топиб, иш билан бўлиб, бирингизни икки қилиб, фарзандлар камолини кўриб яшасаларингиз – менинг энг катта мақсадим шу. Бунинг учун шу билан чегараланмай, кўпроқ билим олишингиз, янги марраларга интилишингиз керак, – деди Шавкат  Мирзиёев.

Илгари наманганлик 160 минг киши хорижга иш излаб кетгани, бугун яратилаётган имкониятлар натижасида уларнинг 100 минг нафари юртимизга қайтиб келгани таъкидланди.

– Ёшлар йўлини тасаввур қилолса, куч пайдо бўлади. Қийинчиликлардан, синовлардан хафа бўлмаслик керак. Ҳаёт мактабини ўтаган инсон дунёга бошқача қарайди. Ёшларнинг яхшисиям, ёмониям бизнинг фарзандларимиз. Сизларга ўхшаган интилувчан, эртанги кунига бефарқ бўлмаган, касб-ҳунарли ёшлар бошқа тенгдошларига ўрнак бўлиши керак, – деди Президент.

Президентимиз интенсив боғ инвестори билан мулоқотда бўлди.

Шу ерда Наманган вилоятида қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга ошириладиган лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.

Давлатимиз раҳбари Чуст туманидаги “Chust textile” хусусий корхонасини бориб кўрди.

Ёшлар ва хотин-қизларни иш билан таъминлаш – давлатимиз сиёсатининг энг устувор йўналиши. Шу мақсадда шаҳар ва туманларда тўқимачилик мажмуалари ташкил этилмоқда. Зеро, бунинг учун хомашё, инфратузилма ва бозор бор.

“Chust textile” корхонаси “Наманган” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида ташкил этилган. Фабриканинг иккита мажмуасида 1 минг 300 киши меҳнат қилмоқда.

Корхона буюртмага қараб, барча турдаги устки ва ички кийимларни ишлаб чиқариши мумкин. 2020 йилда қарийб 2 минг тонна мато ҳамда 5 миллион 200 минг дона тайёр трикотаж маҳсулоти ишлаб чиқарилиб, Италия, Россия, Қозоғистон ва Тожикистон каби давлатларга 9 миллион доллардан зиёд экспорт қилинган. Жорий йилда экспорт ҳажмини 12 миллион долларга етказиш режалаштирилган.

Президент корхонадаги иш жараёнини, тайёр маҳсулотларни кўздан кечирди.

– Илгари эгилиб пахта экардик, эгилиб терардик, лекин бошқа давлатларни боқардик. Охирги йилларда яратилган имкониятлар туфайли янги корхоналар пайдо бўляпти, тадбиркорлар эмин-эркин ривожланяпти, қайта ишлаш даражаси ошяпти. Кластерлар тузиб, пахтани эгали қилганимиз учун унинг сифати ҳам ўзгаряпти. Пахта сифатли бўлса, тадбиркорга осон бўлади, маҳсулоти сифатли, рақобатбардош бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Корхона бинолари кўп материал сарфланмай, ангар усулида барпо этилган. Натижада қурилишнинг ўзидан 6 миллион доллар иқтисод қилинган. Яна бир афзаллик шундаки, иншоот анъанавий усулга нисбатан 2-3 марта тез йиғилади ва тикланади. Арзон ва сифатли ушбу материални кейинчалик зарур бўлганда таъмирлаш учун ҳам кам маблағ сарфланади. Бино шамол, қор ва зилзилага ўта бардошли. Махсус ҳаво алмаштириш ускуналари билан жиҳозлангани туфайли қишда иссиқлик, ёзда салқинлик таъминланган.

Давлатимиз раҳбари бунинг маҳсулот таннархига, рақобатбардошлигига таъсирини таъкидлаб, бошқа тўқимачилик мажмуаларини ҳам шундай лойиҳа асосида қуриш бўйича кўрсатма берди.

“Chust textile” лойиҳасининг умумий қиймати қарийб 12 миллион доллар бўлиб, уч босқичга мўлжалланган. Тўлиқ қувватда йилига 5 минг тонна мато, 15 миллион дона тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш мумкин. Ишчилар сонини 2 минг 200 га етказиш режалаштирилган.

Шу ерда Наманган вилоятида амалга ошириладиган йирик инвестиция лойиҳалари тақдимоти бўлиб ўтди.

Шундан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев Наманган шаҳридаги “Даштбоғ” кичик саноат зонасида бўлди.

Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга Мурожаатномасида саноат салоҳиятини янада ошириш учун туман ва шаҳарларда технопарк, кичик саноат зоналари, ҳудудий кластер ва логистика марказлари ташкил этилишини айтган эди.

Хусусан, Наманган вилоятида 72 та кичик саноат зонаси учун жой ажратилган. Бугунги кунда шундан 34 таси қурилиб, фойдаланишга топширилган.

Даштбоғдаги мажмуа яқинда ташкил этилганига қарамай, корхоналар бирин-кетин ишга туша бошлади. Масалан, “Dream liner tekstil” масъулияти чекланган жамиятида махсус кийимлар ва эркаклар кўйлаги тикиш йўлга қўйилди. Бу ерда маҳаллий аҳоли вакилларидан 120 нафари ишламоқда.

Шавкат Мирзиёев улар билан мулоқотда бўлди.

– Эшитяпсизлар, Ўзбекистонда «маҳаллабай», “хонадонбай” деган ибора пайдо бўлди. Бу дегани – ҳар бир оиланинг дардини, ниятини билиб, уларга елкадош, кўмакдош бўлиш, шароит яратишга ҳаракат қиляпмиз. Маҳаллангизда мана шундай жой қурилгани, сизлар ишли бўлиб, бир-бирларинг билан кўришиб, вилоятда, мамлакатимизда бўлаётган янгиликлардан хабардор бўлиб, яхши кайфиятда яшаётганларингиз – ана шу ҳаракат натижаларидан бири. Олдинда яна режаларимиз, мақсадларимиз кўп. Наманганга ҳам одамларнинг эртанги кунини яхши қилиш учун катта замин, катта маблағлар билан келдик, – деди Президент.

Бу ерда яна тўртта корхона фаолият юритмоқда. “Navro‘z tekstil sanoat” корхонасида болалар ва эркаклар кийими, “Aziz Dizayn Servis” ширкатида сумка, рюкзак ва чамадон, “Biaz text”да сендвич панеллар ишлаб чиқарилмоқда. “Келажак мега строй” масъулияти чекланган жамияти томонидан ўқув маркази очилган. Мазкур корхоналарда 300 га яқин иш ўрни яратилган.

“Даштбоғ” кичик саноат зонаси майдони қарийб 4 гектар. Яна кўплаб корхоналарда қурилиш, ускуналар ўрнатиш давом этмоқда. Саноат зонасида умумий қиймати 119 миллиард сўмлик 22 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган. 3 мингдан ортиқ иш ўрни яратиб, 2,7 миллион долларлик экспорт қилиш мўлжалланган.

Кичик саноат зонаси Даштбоғ маҳалласи ичида жойлашган. Бу ерда 1 та мактаб, 2 та боғча, тиббиёт пункти, Давлат хизматлари маркази ва Миллий банк филиали бор. 4700 дан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган маҳаллада кичик саноат зонаси қурилгани, айниқса, барчани хурсанд қилди. Ҳозирнинг ўзида 60 дан зиёд ёш доимий иш ўрнига эга бўлди. Саноат зонаси тўлиқ фаолият бошлагач, Даштбоғ маҳалласида яшовчи 1500 дан ортиқ фуқаронинг бандлиги таъминланади. Яъни маҳаллада ишсиз одам, деярли, қолмайди. Бундан ташқари шу атрофда яшовчи Шодлик, Заркент, Юқори Ғирвон, Ўрта Ғирвон, Меҳрибонлик, Обиҳаёт, Зарафон каби маҳаллаларда яшовчи юзлаб ёшлар ишли бўлади.

Шу ерда Наманган вилоятида йўл, транспорт, қурилиш ва коммунал инфратузилмани ривожлантириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди. Давлатимиз раҳбари Ахсикент ёдгорлигини очиқ осмон остидаги музейга айлантириш лойиҳасига алоҳида эътибор қаратди.

– Ахсикент – жуда нодир ёдгорлик. У ердаги ишларни илм билан, миллий ғурур билан, ҳурмат билан қилиш керак. Бу жой “Наманганнинг Регистони” бўлиши керак, – деди Президент.

Президент “Даштбоғ” кичик саноат зонасидаги корхоналарни кўрганидан кейин, маҳалладаги шароитларни кўздан кечирди. Исмоил Киргизов ва Малика Парпиева хонадонида бўлиб, улар билан суҳбатлашди. Гурунгга қўни-қўшнилар ҳам келди.

– Мен кўпроқ оддий одамлар билан гаплашсам, сизларнинг кўзларингизга қарасам, ниятларингизни билсам, дейман, – деди Шавкат Мирзиёев.

Нуронийлар маҳалла тизимига эътибор натижасини ўз ҳаётлари мисолида сўзлаб берди. Ижтимоий муаммолар ҳал бўлиб, турмуш шароити яхшиланаётганини айтди.

– Нима учун ҳамма кучни маҳаллага ташлаяпмиз. Марказдаги битта кўчани ёритиб қўйганимиз билан одамлар рози бўлмайди-ку. Маҳаллалардаги одамларимиз, аёлларимиз, жонажон ёшларимизни ким эшитади?! Наманган вилоятида ҳам 141 та маҳаллада муаммолар бор – қаерда йўл йўқ, қаерда сув йўқ, қаерда ишсизлик кўп. Ушбу камчиликларни билиб, ҳис қилиб, катта маблағ билан келганмиз. Энди уни ким назорат қилади, ким халқни ўйлайди? Маҳалла, жамоатчилик. Энди маҳалла раиси янгиликка интилган, одамларнинг оғирини енгил қиладиган бўлиши керак, – дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Даштбоғ маҳалласи идораси, Давлат хизматлари маркази филиали кўздан кечирилди.

Президент Наманган шаҳридаги «Art soft holding» ширкатининг илмий-амалий малака ошириш маркази ҳамда «Ишга марҳамат» мономаркази фаолияти билан танишди.

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 11 августдаги «Камбағал ва ишсиз фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, барча ҳудудларда шундай марказлар ташкил этилмоқда.

«Art soft holding» ширкати маркази тўқимачилик соҳасига ихтисослашган. Бу ерда 12 турдаги ишчи касб бўйича йилига 2 мингдан зиёд мутахассис тайёрланади.

Корхона ёнида жойлашган мономарказда 9 соҳанинг 27 хил йўналиши бўйича йилига 3 минг нафардан зиёд аҳоли ўқитилади. Бу йўналишлар меҳнат бозори талабини ўрганиш асосида ташкил этилган. Ўқув ва машғулот хоналари зарур асбоб-анжом, станок, компьютер, муляж ва бошқа амалиёт ускуналари билан таъминланган.

Муҳим томони шундаки, марказ давлат-хусусий шериклик тизимида ишлайди. Машғулотларни амалиётчи усталар, тадбиркорлар олиб боради. Давлат шароит яратиб, илмий-ишлаб чиқариш жиҳатидан таъминлайди, тадбиркорлар эса ўзлари ўқитган ёшларни ишга олади. Яъни, бу ерда касб ўрганган йигит-қизлар ишсиз қолмайди.

Марказда ахборот технологиялари ва хорижий тиллар ҳам ўргатилади. Хусусан, IT-мутахассислар онлайн хизматлар кўрсатиб, яхши даромад топмоқда.

Президентимиз марказда яратилган шароитлар билан танишди, мураббийлар, касб ўрганаётган ёшлар билан суҳбатлашди.

Шавкат Мирзиёев шу ерда оммавий ахборот воситалари вакилларига интервью берди. Давлатимиз раҳбари вилоятга келишдан асосий мақсади, ислоҳотларни амалга оширишда қийинчилик туғдираётган омиллар, Наманганнинг иқтисодий салоҳияти, ишбилармон одамлари ҳақида гапирди.

Мономарказда Наманган вилоятида “маҳаллабай” ишлаш тизимини ташкил этиш юзасидан тақдимот ўтказилди.

Давлатимиз раҳбарининг Наманган вилоятига ташрифи давом этмоқда.

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,

Абдулазиз МУСАЕВ,  

Авазбек ХУДОЙҚУЛОВ,

ЎзА мухбирлари