Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева Қорақалпоғистон Республикасига ташрифининг иккинчи куни Мўйноқ туманида бўлди.
Сенат Раиси дастлаб ўтган йили фойдаланишга топширилган тумандаги “Оқ кема” болалар оромгоҳида бўлиб, бу ерда яратилган шароитлар билан танишди.
Болажонларни соғломлаштириш билан қамраб олиш кўламини кенгайтириш, шунингдек, уларнинг ёзги дам олишларини мазмунли ва мароқли ўтказишини ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан бунёд этилган ушбу маскан барча шарт-шароитларга эга. Хўжайли туманидаги “Меҳрибонлик уйи”нинг тарбияланувчилари, Мўйноқ, Шуманай, Қонликул туманларининг кам таъминланган оилалар фарзандлари, И.Юсупов номидаги истеъдодли болалар мактабининг қобилиятли болалари ўтган йилнинг июнь ойида ўз фаолиятини бошлаган оромгоҳнинг биринчи дам олувчилари бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Орол денгизи тубидаги суви қуриган ҳудудларда «яшил қопламалар» — ҳимоя ўрмонзорлари барпо этиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш доирасида туманда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Президентимиз ташаббуси билан Орол денгизининг суви қуриган тубидан кўтарилаётган қум, туз ва чанг заррачаларининг салбий таъсирини камайтириш, глобал иқлим ўзгаришлари, денгиз қуришининг салбий таъсирини янада юмшатиш мақсадида бугунги кунга қадар 1 миллион 167 минг гектар майдонда саксовул ва чўлга чидамли бошқа ўсимликлар экилди. Бу ишлар ҳозирда қизғин давом этмоқда. Мутахассисларнинг таъкидлашича, жорий йилда 450 минг гектар майдонга мана шундай экинлар экиш режалаштирилган.
Олий Мажлис Сенати Раиси Т.Нарбаева, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов шу мақсадда ташкил этилган ўрмончилар штабида бўлиб, хайрли ишга муносиб улушуни қўшаётган ишчи ва механизаторларга яратилган шароит билан танишди. Ташриф доирасида “Оролга мадад” акцияси ўтказилиб, юртимизнинг барча ҳудудидан жалб этилган ишчи ва механизаторларга Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси, Ўзбекистон Экологик партияси Хоразм вилояти кенгаши томонидан саксовул уруғи, кўчат, озиқ-овқат маҳсулотлари ва эсдалик совғалари топширилди. Бу ерда меҳнат қилаётган ишчи механизорларга санъат усталари томонидан концерт дастури намойиш этилди.
Нукус шаҳрида “Ёшлар модаси, анъаналар ва замонавий йўналишлар” мавзусидаги давра суҳбати ва семинар билан бошланган “Nafosat-2021» фестивали Мўйноқ туманидаги Маданият саройида давом этди. Аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида кийиниш маданияти тарғиботини ташкил этишга қаратилган тадбирнинг очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Т.Нарбаева иштирок этиб, йиғилганларни нафосат ва гўзаллик байрами билан қутлади.
Фестивал доирасида Мўйноқ тумани ёш дизайнерлари ва рассомлари ўртасида миллий ҳамда замонавий эскизлар чизиш бўйича танлов ўтказилиб, унинг ғолиблари тақдирланди. Қорақалпоғистон Республикаси , Хоразм, Бухоро вилоятлари етакчи брендлари ва дизайнерлари томонидан модалар намойиши бўлди. Шунингдек, Тошкент шаҳри ва Андижон вилоятидан кўплаб ижодкорлар ўзларининг сара асарлари билан ташриф буюрди. Айниқса, бу ерда намойиш этилган “Қадимий Турон Афсонаси”, “Саўкеле”, “Тумор”, “Нил гранит”, “Бухоро эртаклари”, “Мафтункор Шарқ аёли”, “Javhariy» каби асарлар кўпчиликка манзур бўлди. Тадбир доирасида ўзларининг ижодий ишлари билан фаоллик кўрсатиб келаётган бир гуруҳ дизайнерларга совғалар топширилди.
Шунингдек, Т.Нарбаева “Мўйноқ порлоқ текс” масъулияти чекланган жамиятида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ҳамда бу ерда меҳнат қилаётган хотин-қизлар фаолияти билан ҳам танишди. 2019 йилнинг август ойида ишга туширилган корхонада бугунги кунда 150 нафар хотин-қиз доимий иш билан таъминланган. Жорий йилда 12 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш, шундан Россия Федерациясининг Новосибирск ҳам Владивосток шаҳарларига 1 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш режалаштирилган.
Шу ернинг ўзида “Аёллар дафтари”га киритилган кам таъминланган ва кўп болали 10 та оила вакили билан суҳбатлашди ва уларга совғалар топширди.
Давлатимиз раҳбарининг “Маданият Мўйноқдан бошланади” деган ғояси бугунги кунда ҳаётда ўз аксини топмоқда. Қисқа вақт мобайнида бу ерда амалга оширилган кенг кўламли қурилиш ва бунёркорлик ишлари бунинг яққол исботидир.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ,
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА