Бугун ўтказилган Марказий банк бошқаруви йиғилишда асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди. Мақсад эса инфляция динамикасини янада пасайтириш, иқтисодиётда реал фоиз ставкаларини ижобий даражада сақлаб қолиш ва иқтисодий фаолликнинг тикланиши учун қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган.

Шунингдек, жорий йилда Марказий банк Ҳукумат билан биргаликда инфляциянинг йил охирига 10 фоиздан паст бўлган оралиқ мақсадли кўрсаткичига эришиш учун барча зарурий чораларни кўриб боради.

– Инфляцияга озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ўзгариши нисбатан юқори – 6,5 фоиз банд ҳисса қўшди, – дейди Марказий банк раиси ўринбосари Беҳзод Ҳамраев. – Мазкур товарлар гуруҳи бўйича инфляция даражаси анча юқори бўлди ва йил якуни бўйича 15,3 фоизни ташкил қилди. Шунга қарамай 2020 йил якунлари бўйича инфляция даражаси 2019 йилдаги 15,2 фоизга нисбатан секинлашиб, 11,1 фоизни ташкил этди.

Аслида ҳам озиқ-овқат инфляциясига босим, асосан мавсумий омиллар, барқарор талаб, жаҳон ва асосий савдо-ҳамкор давлатлар озиқ-овқат бозорларидаги нархларнинг ўсиши таъсирида юзага келди. Бунда асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари юқори даражада ўсди. Мисол учун, картошка нархи – 42 фоизга, тухум – 38 фоизга, ўсимлик ёғи – 27 фоизга, шакар – 21 фоизга, гўшт маҳсулотлари – 18,1 фоизга ва нон маҳсулотлари – 15,2 фоизга қимматлашди.

Шу тариқа ўтган йилда ноозиқ-овқат маҳсулотлари ва хизматлар нархларининг ўсиш суръатлари умумий инфляциядан сезиларли даражада паст бўлиб, мос равишда 8,8 фоиз ва 7,1 фоизни ташкил этди.

Тадбирда ўтган йилда пандемия туфайли ноаниқликларнинг кучайиши таъсирида инфляцион кутилмаларнинг нисбатан ўсгани қайд этилди. Бу апрель ва июль ойларига тўғри келган бўлса, август ойида кутилмалар пасая бошлади ва аҳоли учун 17-18 фоиз ҳамда тадбиркорлик субъектлари учун 18-19 фоиз даражасига етган Бу, ўз навбатида, инфляцион кутилмаларнинг жиловланмаганлигини ифодалайди.

Асосий савдо-ҳамкор давлатларда ҳам инфляцион кутилмаларнинг ўсиши ва жорий инфляциядан юқори фарқланиши кузатилиб, бу жаҳон бозорларида озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ўзгарувчанлигини ва иқтисодий агентларнинг келажакдаги тенденциялар бўйича ноаниқликларнинг мавжудлиги билан изоҳланади.

 

 

Сайёра ШОЕВА, ЎзА