Бугунги суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар судларнинг чинакам мустақиллигини, уларнинг очиқ ва шаффофлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев парламентга йўллаган Мурожаатномасида таъкидлаганидек, сўнгги 4 йил давомида суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ этиш борасида 40 дан ортиқ қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди. Бу ишлар янада давом эттирилмоқда.

Кейинги пайтларда ижтимоий тармоқларда судлар фаолияти билан боғлиқ бир неча салбий чиқишлар кузатилди. Тўғри, жамиятда сўз эркинлиги таъминланмоқда. Аммо бу дегани билиб-билмай судга таъсир ўтказиш, оммага нотўғри ахборот бериш керак дегани эмас-ку!

2020 йил 28 декабрь куни “UzNews.uz” ахборот агентлиги мухбири тадбиркорлик субъекти мурожаатига кўра Олий суднинг иқтисодий ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан кўриб чиқилаётган иш бўйича суд мажлисида иштирок этган. Оддийгина суд мажлисида раислик этувчининг саволларини оғир олиб, мақола ёзишга жазм этган.

Айтадики, «Конституциянинг 113-моддасида ҳамма судларда ишлар очиқ кўрилиши белгиланган. Ушбу тамойил иқтисодий, шунингдек, фуқаролик, жиноят ва маъмурий судловларни амалга оширилишини тартибга солувчи кодексларда ҳам ўз аксини топган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг «Суд муҳокамаси ошкоралигини ва судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш тўғрисида» 2020 йил 21 февралдаги 04-сон қарорида суд муҳокамаси ошкоралиги процесс иштирокчиси бўлмаган шахсларга, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари вакилларига суд мажлисида қатнашиш имконияти берилиши билан таъминланиши кўрсатилган».

Тўғри, бу фикрга қўшиламиз. Аммо оммавий ахборот воситалари ходимлари қандай ҳолатларда видео тасвирга олиш масалалари ҳам Пленум қарорида аниқ белгилаб берилган.

Суд биноси шунчаки карвонсарой эмаски, истаган одам тап этиб кириб келадиган. Бу ерда низолар кўрилади, тарафлар юзма-юз бўлади, инсон тақдири ҳал этилади. Ҳар бир ўзини ҳурмат қилган ОАВ ходими суд мажлисига келгач, оддий рўйхатдан ўтиб қўйса, олам гулистон.

Вилоятга иш билан борсангиз ҳам, меҳмонхонага кириб рўйхатдан ўтасиз-ку. ОАВ сифатида сиз суд жараёнини тасвирга олишингиз алоҳида масала. Бунда тарафлар розилиги сўралади, албатта ва раислик этувчининг рухсати керак.

Бу оддий қоидаларни журналистлар ва блогерлар тан олгиси келмайди негадир?! Демоқчиманки, “UzNews.uz” ахборот агентлиги мухбири масалани моҳиятидан қочиб мақола ёзишдан олдин оддий журналистика одоби, этика ва маданиятни ўрганса яхши бўларди.

Суд мажлисида ким иштирок этаётганлигига аниқлик киритиш, бу унинг сўроққа тутилишини англатмайди.

“Namanganliklar.uz” канали блогерлари жиноят ишлари бўйича Поп туман судининг очиқ суд мажлисига киритилмагани, очиқдан-очиқ таҳдид ва қаршиликларга учрагани ҳақида бонг уришди. Бу ерда ҳам ваҳима қилишга асос йўқ. Чунки журналистларнинг асосий мақсади – кела солиб жараённи видеотасвирга олиш бўлган.

Аммо юқорида айтганимиздек, бунинг ўз тартиби бор. Тарафлар ва раислик этувчининг розилиги. Айтинг-чи, ҳар қандай ҳуқуқбузар, жиноятчи, мерос талашаётган фуқаро ёки шартнома талабини бузган тадбиркор ўзини тасвирга туширтириб оммага эълон қилишни истайдими? Бу ўта нозик мавзу. Шунинг учун ҳам Олий суд Пленумида бу ҳолат муҳокама қилинганида тарафлар розилиги масаласи алоҳида эътиборга олинди.

Ижтимоий тармоқларда шов-шувга сабаб бўлган яна бир воқеа бу “Effekt.uz” мухбири Э.Тожибоевнинг тасвирчиси билан жиноят ишлари бўйича Термиз туман судига бориб жанжал уюштиргани бўлди.

«Биз оммавий ахборот воситаданмиз, биз судни ёритишга ҳақлимиз», дейди мухбир. Унинг суд раисига босим ўтказгани тарқатилган видеода очиқ ойдин кўриниб турибди.

Кўпгина блогер ва журналистлар Бош қомусимизда белгиланган «судларда ишлар очиқ кўрилади» дея иддао қилишади. Гўё фақат ўзларига тегишли моддани ўқигандек. Аммо 112-моддани унутадилар. Яъни, «Судьялар мустақилдирлар, фақат қонунга бўйсунадилар. Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятларига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади».

Мухбир Э. Тожибоев фақат ўз манфаатини ўйлаб масалага ёндашади. Ваҳоланки, 2018 йил 29 январь куни тасдиқланган «Судьяларнинг одоб-ахлоқ кодекси» 14-моддасида «Оммавий ахборот воситалари билан ўзаро муносабатлар масаласи ҳам четда қолмаган.

Судья оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликка доимо тайёр. Суд ишларини оммавий ахборот воситаларида профессионал даражада ёритишга кўмак бериши зарур.Чунки бу нафақат фуқароларнинг ҳуқуқий онгини шакллантиришга ва судга бўлган ишончини мустаҳкамлашга, одил судлов нуфузини оширишга, балки оммавий ахборот воситаларига ҳам муҳим ижтимоий вазифанинг бажарилишига, яъни фуқароларни барча ижтимоий жиҳатдан аҳамиятли воқеалардан хабардор этишга хизмат қилади».

ЖУРНАЛИСТ ИНТЕРВЬЮ ОЛМОҚЧИ…

Дейлик, суд жараёни кетаяпти. Журналист раис ҳузурига кириб интервью олмоқчи. Ҳали қарор қонуний кучга кирмаган. Кодекснинг 14-моддасида аниқ ёзиб қўйилган: «Суднинг иш юритувида бўлган ишлар бўйича қабул қилинган суд ҳужжатлари қонуний кучга киргунга қадар судья улар юзасидан оммавий ахборот воситларида чиқишга ҳақли эмас».

Судья буни жуда яхши билади. Шунинг учун касб қоидаларига амал қилиб, интервью беришга шошилмайди.

«Биз бу суд жараёнини тасвирга олишимиз керак», дейди мухбир. Ахир бу масала ҳам Олий суд Пленуми қарорида аниқлаштириб берилди.

Яъни унинг 14-бандида очиқ суд мажлисини фототасвирга тушириш, видеоёзувни амалга ошириш, шунингдек, оммавий ахборот воситаларида трансляция қилишга қуйидаги тартибда йўл қўйилади.

ОАВ ходимларига тушунарли бўлиши учун Пленум қарорида келтирилган сўзларни айнан келтирамиз:

а) фуқаролик ишини кўриш пайтида – суд мажлисида раислик қилувчининг тарафлар розилиги олингандан кейин берган рухсати билан;

жиноят, маъмурий, иқтисодий ишни ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриш пайтида – суд мажлисида раислик қилувчининг тарафлар фикрини эшитгандан кейин берган рухсати билан;

б) очиқ суд мажлисида аудиоёзувни амалга оширишга қуйидаги тартибда йўл қўйилади:

фуқаролик ишини кўриш пайтида – суд мажлисида раислик қилувчининг тарафлар розилиги олингандан кейин берган рухсати билан;

жиноят иши ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриш пайтида – суд мажлисида раислик қилувчининг тарафлар фикрини эшитгандан кейин берган рухсати билан.

Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, суд мажлиси залида ҳозир бўлганлар ҳар қандай иш бўйича эркин тарзда ёзма қайдлар қилишлари, стенограмма юритишлари, иқтисодий иш ёки маъмурий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан иш кўрилаётганда эса, шунингдек, аудиоёзув олиб боришлари мумкин.

Процесс иштирокчилари илтимосномаларини, оммавий ахборот воситалари вакиллари мурожаатларини қаноатлантириш ёки рад этиш ҳақида суд жойида ажрим чиқаради ва суд мажлиси баённомасига киритади.

Суд оммавий ахборот воситалари вакилларини тарқатилаётган ахборотнинг тўғрилиги, ҳаққонийлиги, холислиги ва ишончлилиги учун жавобгарлик ҳақида огоҳлантиради ва бу ҳақда суд мажлиси баённомасида ёзиб қўйилади.

Афсуски, журналист Э. Тожибоев Олий суд Пленумининг ушбу бандларини синчиклаб ўқимаган. Агар ўқиган бўлганида, жанжал уюштиришга ҳожат ҳам бўлмасди. Қани, бу ерда журналист одоби, этикаси, муомала маданияти? Афсуски, кўпгина блогерлар, журналистлар соҳани ёритар экан, қонун-қоиданинг ичига чуқурроқ кириб бормайди.

Юқоридаги уч ҳолат бўйича Олий суд ва Судьялар олий кенгаши матбуот хизматлари томонидан дарҳол тегишли раддия – муносабат билдирилди. Айни пайтда “Effekt.uz” мухбири Э. Тожибоев хатти-ҳаракати юзасидан ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ўрганиб чиқиш учун прокуратура идораларига юборилган.

Айтиш жоизки, бугунги кунда суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар боис ОАВ билан ҳамкорликни кучайтириш мақсадида Олий судда Жамоатчилик ва ОАВ билан ҳамкорлик бошқармаси ташкил этилди. Вилоятларда бошқарманинг биттадан ходимлари иш олиб бормоқда. Улар журналистлар ва блогерларнинг ҳар қандай саволига жавоб беришга тайёр. Мурожаат қилинса бўлди.

Зокиржон Қўзибоев,

Олий суд Жамоатчилик ва ОАВ билан ҳамкорлик бошқармаси катта консультанти