АҚШнинг 46 чи президенти бўлган Жо Байден чоршанба кунининг ўзида бир қатор фармонларга имзо чекди. Ушбу ҳужжатлар аввалги президент Трамп кўрсатмаларини бекор қилишга қаратилган.

Жумладан, давлат раҳбари АҚШни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига қайтариш ҳақидаги фармонни имзолади.

Трамп ўтган йил июл ойида Қўшма Штатларни ЖССТ таркибидан чиқариш жараёнини бошлаган эди. Ўшанда Трамп ташкилотни Хитой манфаатларини кўзлаб эпидемиянинг ҳақиқий миқёсини яширганликда ҳамда ислоҳотлар ўтказишдан бош тортганликда айблади.

Байден АҚШни иқлим ўзгариши бўйича Париж битимига ҳам қайтарди. Трамп ушбу битимдан чиқишга қарор қилган эди.

Янги президент Мексика чегарасида девор қурилишини тўхтатиб, чегарада амал қилинаётган фавқулодда вазият режимини ҳам бекор қилди. Энди Оқ уй ушбу қурилишга сарф қилинаётган бюджет маблағларини турли муассасаларга йўналтира олади.

Трамп маъмурияти бундан аввал имигрантларнинг мамлакатга келиш тартибини чеклаб қўйган эди. Қолаверса, собиқ президент имигрантларнинг ноқонуний равишда мамлакат ҳудудига киришининг олдини олиш учун Мексика билан туташ чегараларнинг катта қисмида девор қурилишини бошлаб юборди. Ўшанда Трамп узунлиги 720 километрдан 800 километргача девор қуришга ваъда берди. 2021 йилнинг бешинчи январигача 727 километрлик девор қуриб битказилган.

Байден бундан аввал девор қурилиши масаласига тўхталар экан, қуриб бўлинган деворни бузмаслигини маълум қилган эди.

Бундан ташқари, Байден бир қатор Яқин Шарқ мамлакатлари фуқароларининг АҚШга кириб келишини чеклаш ҳақидаги Трамп қарорини бекор қилди.

Трамп 2017 йилда Эрон, Ливия, Сурия, Яман, Сомали, Судан ва Ироқ фуқароларини АҚШ ҳудудига киришини тақиқлаб қўйган эди.

Давлат раҳбари имзолаган фармонларнинг яна бири Канада чегарасида қурилаётган Keystone XL нефтқувурига тегишли бўлди. Ушбу нефтқувури қурилишини Трамп маъмурияти қўллаб-қувватлаб келаётган эди.