Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқовнинг Туркия Республикаси вице-президенти Фуат Октай билан телеконференцалоқа шаклидаги музокараси бўлиб ўтди.
Томонлар инвестиция, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда икки томонлама шартномаларни амалга оширишнинг жорий ҳолати ҳамда уларни ҳаётга татбиқ этишни жадаллаштириш бўйича келгуси чора-тадбирларни муҳокама қилдилар.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ўтган йил февраль ойида Туркияга амалга оширган ташрифи якунлари бўйича тасдиқланган “Йўл харитаси”га киритилган лойиҳаларни руёбга чиқариш билан боғлиқ қатор масалалар кўриб чиқилди. Шу нуқтаи назардан, томонлар қўшма лойиҳа ва ташаббусларни ҳаётга жорий қилишда ҳар икки мамлакат тадбиркорларини амалий жиҳатдан қўллаб-қувватлашни давом эттиришга содиқлигини билдирди.
Туркиянинг ҳудудларда саноатни ривожлантириш борасидаги тажрибасини Ўзбекистонда қўллаш ва махсус иқтисодий зоналар самарали фаолиятини ташкил этишнинг амалий жиҳатига тўхталиб ўтилди.
Тегишли вазирликлар томонидан Ўзбекистон ва Туркия ўртасида имтиёзли савдо тўғрисидаги Битимни қисқа муддатда келишиш ҳамда тасдиқлаш борасида биргаликда олиб борилаётган ишларни фаоллаштириш бўйича келишувга эришилди.
Мулоқот чоғида иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Туркия ҳукуматлараро комиссиясининг 6-йиғилишини ўтказиш билан боғлиқ масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Шу ўринда, тадбир доирасида ўзбек ва турк тадбиркорлари иштирокида ишбилармон доиралари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликни рағбатлантириш ва саноат кооперацияси бўйича янги лойиҳаларни шакллантиришга қаратилган бизнес-форум ташкил этишга келишиб олинди.
Музокара якунида томонлар эришилган келишувларнинг сифатли ва ўз вақтида бажарилишини таъминлашга қаратилган яқин ҳамкорликни давом эттириш фикрини маъқулладилар.
ЎзА