“Ўзмиллийбанк” АЖ Бошқарувининг жорий йил 16 январда ўтказилган кенгайтирилган йиғилишида 2020 йил натижалари ва 2021 йил учун белгиланган истиқболли режалар муҳокама қилинди.

Йиғилишда дастлаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида келтириб ўтилган барча вазифаларга тўхталиб, банк фаолиятида улар ижросини таъминлаш борасида иш режалари тасдиқланганлиги ва унга мувофиқ тегишли ишлар олиб борилиши қайд этилди.

Шу билан бирга, йиғилиш давомида Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида жорий йил 11-16 январь кунлари “Маҳаллабай” ишлаш тизимини ташкил этиш юзасидан ўтказилган ўқув-амалий семинар натижалари, унда олинган билим ва тажрибаларни  банкнинг барча филиаллари ходимларига етказиш, ҳудудларда шу каби ўрганишларни ўтказишда берилган тавсияларга тўлиқ амал қилиш вазифалари берилди.

2020 йил якунлари билан банк активлари 79,8 триллион сўмни ташкил этиб, кредит портфели 65,6 триллион сўмни, жами депозитлар 17,2 триллион сўмни шундан, юридик мижозлар депозитлари 12,7 триллион сўмни ташкил қилди.

2020 йил давомида банк томонидан жами 885 та лойиҳалар, шундан, ҳудудларни ривожлантириш дастурларига асосан
514 та лойиҳа молиялаштирилди.

Жумладан,Тошкент шаҳрида “Технопарк” МЧЖда маиший уй-рўзғор техникалари  (музлаткичлар, кондиционерлар, кир ювиш машиналари, сув насослари ва газ ҳисоблагичлар) ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

 

 

Навоий вилояти Ғозғон шаҳрида 37 гектар ер майдонида табиий тошларни қазиш ва қайта ишлашга ихтисослашган “Мармаробод” йирик кластер лойиҳаси ишга туширилди.

 

Қорақалпоғистон Республикаси Шуманай туманида йиллик қуввати 6800 тн бўлган “Shomanay Eco Teks” МЧЖ ҳамда Жиззах вилояти Зомин туманида йиллик қуввати 5000 тн бўлган “Ostex Jizzakh” МЧЖ ҚК йирик замонавий ип-йигирув корхоналари ишга туширилди.

«Ўзбекистон Темир йўллари» акциядорлик жамиятининг Тошкент шахрида ер усти ҳалқа метро линиясининг биринчи босқичи бўлган «Дўстлик-2 – Қўйлиқ» йўналиши қуриб битказилди. Метронинг ушбу участкасида 7 та бекат барпо этилган. Янги йўналишнинг узунлиги 11,5 километр.

Сирдарё вилояти Оқолтин туманида “Sub-dry” маъсулияти чекланган жамиятининг қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сублимация йўли билан қуритишни ташкил қилиш лойиҳаси.

Пандемия оқибатларини юмшатиш ва бартараф этиш учун айланма маблағ танқислигига дуч келган тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида айланма маблағларни тўлдириш учун 5,3 триллион сўм миқдорида кредитлар ажратилди ва 210 мингта мижознинг 5,1 триллион сўм асосий қарзи ҳамда 560 миллиард сўм фоиз тўловлари муддатлари узайтирилиб берилди.

Ҳисобот йилида банк фаолиятининг барча йўналишлари таҳлил қилиниб тегишли ҳисоботлар эшитилди, бажарилган ишлар тақдимотлари ўтказилди.

Йиғилишда банкни 2021 йилда стратегик ривожлантириш бўйича белгиланган истиқболли режаларга алоҳида тўхталиб ўтилди.

2021 йил натижалари билан “Ўзмиллийбанк” АЖнинг умумий активлари ҳажмини 91,7 триллион сўмга ва банкнинг кредит портфелини 77,1 триллион сўмга ҳамда жами юридик ва жисмоний шахсларнинг депозитлари қолдиғини 17,8 триллион сўмга етказиш режалаштирилган.

Иқтисодиётни ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб қувватлаш, самарали лойиҳаларни молиялаштириш мақсадида, 2021 йилда банк томонидан жами 540 та лойиҳага 16,5 триллион сўм кредитлар ажратилади.

Бунда, 27 та йирик лойиҳага – 8,8 триллион сўм, ҳудудларни ривожлантириш дастурларидаги 371 та лойиҳага – 6,5 триллион сўм ва бошқа йўналишлардаги 142 та лойиҳага – 1,2 триллион сўм банк кредитлари ажратилади.

Жумладан, Аҳоли пунктларига алоқа хизматларини етказиш ва ижтимоий объектларни глобал интернет хизматлари билан таъминлаш мақсадида “Universal Mobile Sistem” жамияти лойиҳаси, Термиз ҳалқаро аэропортини реконструкция қилиш лойиҳаси, Олмалиқ кон металлургия комбинати ҳамда Ўзмиллийбанкнинг “NBU Invest Group” инвестиция компанияси  билан биргаликда Жиззах вилояти Фориш туманида 2001 йили фаолияти тўхтатилган ва жуда катта миқдорда қўрғошин ва цинк захираларига эга “Уч қулоч” руда конини ўзлаштириш лойиҳаси, Нурафшон шахрида “Нурафшон махсус техника” жамиятида махсус ва халқ хўжалиги учун махсус техникаларни ишлаб чиқариш лойиҳаси,“Охангаронцемент” жамияти таркибида қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича саноат кластерини яратиш лойиҳаси ва бошқалар.

Йиғилишда Банкнинг республика аппаратидаги таркибий тузилмалари раҳбарларига филиаллар ходимлари малакасини ошириш, ёш кадрларни қайта тайёрлаш, “махаллабай” ўрганишларни олиб бориш тартибларини ўргатиш мақсадида, ўқув услубий семинарлар, вебинарлар ўтказиш режа графикларини ишлаб чиқиш ҳамда уларни сифатли ташкил қилиш топшириқлари берилди.

Банк филиаллари бошқарувчилари ва Бош офисдаги таркибий тузилмалари раҳбарларига 2021 йил учун белгилаб олинган вазифалар ижросини таъминлаш, мижозларга сифатли банк хизматларини тақдим қилиш ишларини амалдаги қонунчилик ҳужжатларига тўлиқ риоя қилган ҳолда олиб бориш бўйича кўрсатмалар берилди.

Банк матбуот хизмати,

Реклама ҳуқуқи асосида