Қорақалпоғистон Республикаси Кегейли тумани мудофаа ишлари бўлимининг янги биноси фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан ўтказилган тантанали тадбирда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ бошқарув аппарати ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Мудофаа ишлари масъул офицерлари, туман ҳокимлиги, фахрийлар ва ёшлар иштирок этди.

Бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати ЎзАга хабар берди.

Туман ҳокими Давлетбай Утемуратов юртимизда олиб борилаётган бунёдкорлик ишларига ҳамоҳанг тарзда барпо этилган мудофаа ишлари бўлимининг биноси эндиликда ёшларни ҳарбий хизматга сифатли тайёрлаш, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш масканига айланишига тилак билдирди.

Дарвоқе, “Армия остонаси” дея эътироф олган туман, шаҳар, вилоят мудофаа ишлари бўлим ва бошқармалари ўсиб келаётган ёш авлодни ҳарбийликка тайёрлаш ва саралаш каби вазифалардан ташқари, уларда ватанпарварлик, садоқат ва жасорат каби туйғуларни ҳам шакллантирадиган масканларга айланган.

Таъкидлаш жоизки, бунга қадар туманнинг мудофаа ишлари бўлими ўзининг биносига эга бўлмагани сабаб, ўндан ортиқ жойларда вақтинчалик жойлашиб келаётган бўлган. Халқимизда “Ўз уйинг – ўлан тўшагинг” деганларидек, кўп машаққатларни бошидан ўтказган ушбу муассаса ўз “уйи”га эга бўлмагани сабаб нафақат ишчи-ходимлар, балки аҳоли ҳам бир қанча қийинчиликларга дуч келгани, айни ҳақиқат. Ҳозирда мудофаа ишлари бўлими икки туманга – Кегейли ва Бўзатовга қарайди.

Қорақалпоғистон Республикаси ҳарбий-маъмурий сектори томонидан ажратилган пул маблағлари ҳисобидан туман мудофаа ишлари бўлимининг йиғин пункти олдида, бўш турган ер майдонида янгидан икки қаватли ҳарбий муассаса қурилиб, битказилди. Замонавий дизайн асосида қурилган ва аҳолига хизмат кўрсатиш учун барча қулайликларга эга бўлган ушбу бинода навбатчиликни ўташ учун хона, бошқарув пункти, архив, жисмоний ва юридик шахсларни қабул қилиш учун махсус жой ҳамда хизмат хоналаридан иборат жами 23 та хона мебель, “қиш-ёз” тизимида ишлайдиган совутиш тизимлари, компьютер жамланмалари ва бошқа зарур буюмлар билан жиҳозланди.

Тантанали тадбир давомида ушбу муассасани бунёд этишда фидойилик кўрсатган “Нукус индастстрой” қурилиш ташкилоти бунёдкорларининг хизматлари алоҳида эътироф этилди.

Меҳмонлар муассасада яратилган шарт-шароитлар, қулайлик ва имкониятлар билан яқиндан танишиш имконига эга бўлишди.

ЎзА