Жорий йил 30 ноябрь куни Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ҳукумат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси видеоконференцалоқа шаклида бўлиб ўтди ва унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов иштирок этди.
Илк бор Ҳиндистон Республикаси раислигида ўтказилган ушбу анжуманни мазкур мамлакат вице-президенти Венкайа Найду олиб борди. Мажлисда Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши Бош вазири Ли Кэцян, Россия Федерацияси Ҳукумати Раиси Михаил Мишустин, Қозоғистон Республикаси Бош вазири Аскар Мамин, Қирғиз Республикаси Бош вазири вазифасини бажарувчи Артём Новиков, Тожикистон Республикаси Бош вазири Қоҳир Расулзода, Покистон Ислом Республикаси ташқи ишлар бўйича федерал парламент котиби Аббос Андлиб иштирок этдилар.
Бундан ташқари, саммит ишида ШҲТ ҳузуридаги кузатувчи давлатлар вакиллари – Афғонистон Ислом Республикаси биринчи вице-президенти Амрулла Солиҳ, Эрон Ислом Республикаси вице-президенти Исҳоқ Жаҳонгирий, Беларусь Республикаси Бош вазири Роман Головченко, Мўғулистон Бош вазири ўринбосари Содбатар Янгугиин, Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ўринбосари, ташқи ишлар вазири Рашид Мередов ҳамда ШҲТ Бош котиби В.Норов ва Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси директори Ж.Ғиёсов қатнашдилар.
Маълумки, жорий йил 10 ноябрда бўлиб ўтган ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг саммитида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Ташкилот доирасида биргаликдаги саъй-ҳаракатларни янада жадаллаштиришга қаратилган савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни кучайтириш, рақамли саводхонликни ривожлантириш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламини қўллаб-қувватлаш ва камбағалликни қисқартириш, хавфли инфекцион касалликларнинг тарқалишига қарши ҳамкорликни янада фаоллаштириш юзасидан долзарб ташаббуслар илгари сурилган эди.
Бугунги ШҲТ ҳукумат раҳбарлари кенгашининг мажлисида Ўзбекистон томони ушбу ташаббусларнинг амалий ижросини таъминлаш юзасидан кўриладиган чораларга тўхталиб ўтди. Давлатимиз раҳбари билдирган таклифларни амалга ошириш ШҲТ давлатларининг барқарор ривожланишни таъминлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларида, шу жумладан, пандемия шароитида касаллик оқибатларини бартараф этиш юзасидан ҳамкорликни чуқурлаштириш истиқболи, кўп томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорлик Дастурини амалга ошириш бўйича Тадбирлар режаси ва Ташкилот фаолиятига тегишли бошқа масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Шунингдек, мажлисда ШҲТ Ишбилармонлар кенгаши ва Банклараро бирлашмасининг ҳисоботи тингланди.
Кун тартибидан ўрин олган қатор ҳужжатлар қабул қилинди.
Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси 2021 йилда Қозоғистон раислигида ўтказилади.
Ўзбекистон Республикаси
Бош вазирининг матбуот хизмати