Жорий йилнинг 1 октябрь ҳолатига кўра Ўзбекистонда қиймати 20,3 миллион AҚШ долларига тенг бўлган 52,1 минг тонна қовун экспорт қилинган.
Бу ҳақда Республика Давлат статистика қўмитаси маълумот берди.
2020 йил мамлакатимизда етиштирилган қовунлар 17 та хорижий давлат бозорларига етказиб берилган бўлиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 32 тоннага, яъни қарийб 3 бараварга ошган.
Жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида ҳудуди ва аҳолиси жиҳатидан республикадаги энг кичик вилоятлардан бири бўлган Сирдарё — энг кўп қовун экспорт қилган ҳудудлар қаторидан жой олгани қувонарли.
Ўтган 9 ой мобайнида Ўзбекистон энг кўп қовун – Қозоғистон Республикасига – 19,1 минг тонна, Қирғизга – 17 минг, Россия Федерациясига – 6,2 минг, Украинага – 3,9 минг ва Латвия давлатига – 2,6 минг тонна Ўзбекистон қовунлари экспорт қилинган.
Жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида энг кўп қовунни Андижон вилояти – 9,9 минг, Жиззах – 9,4 минг, Фарғона – 6,2 минг, Наманган – 5,5 минг, Сирдарё вилояти – 5,3 минг тонна ва бошқа вилоятлардан турли навдаги энг сара қовунлар экспорт қилинган.
ЎзА