Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа туманидаги “Boston Klaster” масъулияти чекланган жамияти негизида ташкил этилган «BO`STON OPTIMAL TEKSTIL» ҳамда «BOSTON MEGA TEKSTIL» масъулияти чекланган жамиятларида ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг аксарияти хорижга экспорт қилинмоқда.
«BO`STON OPTIMAL TEKSTIL» масъулияти чекланган жамияти йиллик қуввати 5 минг тонна ип калава ва 2500 тонна юмшоқ сочиқ ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга оширмоқда. Мазкур лойиҳа бўйича ташқи иқтисодий фаолият “Миллий банк” Урганч филиалининг 6 миллион 125 минг АҚШ доллари миқдоридаги кредит маблағи ҳисобидан Франция, Италия, Германия, Туркия, Швейцария давлатларидан замонавий технологик ускуналари харид қилинди.
Жумладан Франция давлатининг “Staubli Lyon”, Италиянинг “Itema”, Германиянинг “Trutzschler” , Туркиянинг “Elips Tekstil Pazarlama ve Dis Tic. LTD. Sti” ҳамда “DILMENLER MAKINE PAZARLAMA SAN. ve TIC. LTD. STI” фирмаларининг технологик ускуналари олиб келинди ва жорий йил июнь ойидан тўлиқ ишга туширилди.
Йил бошидан 650 тонна ип калава ҳамда 100 тоннадан ортиқ юмшоқ сочиқ маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, ички бозорга сотилмоқда. Экспорт борасида Россия Федерацияси ишбилармон доиралари билан музокаралар олиб борилмоқда.
Шунингдек, “BOSTON MEGA TEKSTIL” масъулияти чекланган жамиятида ҳам йиллик қуввати 5 минг тонна ип калава ва 10 миллион м.кв жинси матоси ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳа бўйича ташқи иқтисодий фаолият “Миллий банк” Урганч филиалидан олинган 7 миллион 227,8 минг АҚШ доллари миқдоридаги кредит маблағи ҳисобидан Германия, Хитой, Япония ва Белгия давлатларидан замонавий йигирув-тўқув ускуналари олиб келиб ўрнатилганлиги туфайли лойиҳа ишга туширилди. Ҳозирда 350 нафарга яқин ишчи-ходим доимий иш билан таъминланган жамиятда жорий йилнинг январь-ноябрь ойларида 2549,6 тонна калава ипи ва 275 минг погон метр тўқима матоси ишлаб чиқарилиб, шундан 703,9 тонна ип калава экспорт қилинди.
–Келажакда маҳсулотлар сифатини янада яхшилаб, экспорт доирасини кенгайтириш асосий мақсадимиз,–дейди “BOSTON MEGA TEKSTIL” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Жумабой Жаббаров.–Жумладан жинси матосидан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш режаси амалга оширилмоқда.
Эстониялик инвесторлар билан ҳамкорликда «Эллмед» қўшма корхонаси ташкил қилиниб, умумий қиймати 2,5 миллион АҚШ доллари бўлган “тиббиёт бинти ва пахта момиғи ишлаб чиқариш” лойиҳаси жорий йилда ишга туширилиши режалаштирилган. Мазкур лойиҳа негизида 200 та янги ишчи ўрни яратилади.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА