Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли туманидаги 1-Меҳрибонлик уйида 130 нафарга яқин боқувчисидан айрилган, кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари тарбияланмоқда.
Меҳрибонлик уйида болаларнинг таълим-тарбия олиши, ҳунар ўрганиши, ижод ва спорт турлари билан мунтазам шуғулланиши учун барча шароит яратилган. Хусусан, бу ерда 140 ўринли ётоқхона, 100 ўринли ошхона, кутубхона, компьютер хонаси, спорт зали, ёпиқ сув ҳавзаси, мини футбол майдончаси мавжуд. Компьютер саводхонлиги, созандалик, рақс, шахмат-шашка, кураш, футбол, баскетбол, сузиш каби 20 га яқин тўгарак ишлаб турибди.
Ушбу даргоҳ ўқувчилари “Янги авлод”, “Камалак юлдузлари” каби болалар ижодиёти фестиваллари ва кўрик-танловларда ўз истеъдодини намойиш этиб келмоқда. Бундан ташқари, муассаса тарбияланувчиларидан таркиб топган “Тонг ғунчалари” миллий фольклор ансамбли ва “Қарс” мусиқий гуруҳи республика миқёсида ўтказиб келинаётган байрам тадбирларида ўз концерт дастурлари билан мунтазам қатнашиб келмоқда.
Куни кеча Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши ва Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши вакилларидан иборат бир гуруҳ ёшлар мазкур Меҳрибонлик уйида бўлиб, бу ерда яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди. Ташриф давомида меҳмонлар томонидан болажонларга эсдалик совғалари улашилди.
Тадбирда Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари иштирокида қизиқарли концерт дастури намойиш этилди.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ олган суратлар, ЎзА