Қорақалпоғистон Республикаси Қонликўл тумани адлия бўлими томонидан мактабгача таълим бўлимида ахборот-коммуникация технологиялари бўйича мутахассис лавозимида ишловчи фуқаро Адилбек Оразбаевга тўланмай қолган 17 миллион 378 минг 148 сўм устама пули тўлаб берилди.
Бу ҳақда туман адлия бўлими бошлиғи Тимур Асанов ЎзА мухбирига маълум қилди.
Фуқаро А.Оразбаев 2018 йил 26 ноябрдан ушбу лавозимда ишлаб, ўзига тўланиши шарт бўлган устама пуллари тўланмасдан келаётганлигини билдириб, ундириб беришда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 19 февралдаги “Ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонининг 7-бўлим г-бандида давлат органлари ва бошқа бюджет ташкилотларининг замонавий ахборот технологиялари ва коммуникацияларини жорий қилиш ва ривожлантиришга маъсул бўлган ходимларга бериладиган ҳар ойлик устама миқдори ходим лавозим маошидан 100 фоиздан кам бўлмаган миқдорда белгиланади, деб кўрсатилган.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 153-моддасида Меҳнат ҳақи шакли ва тизимлари, мукофотлар, қўшимча тўловлар, устамалар, рағбатлантириш тарзидаги тўловлар жамоа шартномаларида, шунингдек иш берувчи томонидан касаба уюшма қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб қабул қилинадиган бошқа локал ҳужжатларда белгиланади. Меҳнат кодексининг 154-моддасида Меҳнатга ҳақ тўлаш кафолатлари белгиланган бўлиб, иш берувчи ўзининг молиявий ҳолатидан қатъи назар, ходимга бажарган иши учун ҳақни белгиланган меҳнат ҳақи шартларига мувофиқ ушбу Кодекснинг 161-моддасида кўрсатилган муддатларда тўлаши шарт, деб белгилаб қўйилган.
Мурожаатни ўрганиш давомида туман мактабгача таълим бўлими томонидан фуқаро А.Оразбаевга тегишли устама пуллари тўланмасдан келингани аниқланди. Натижада Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси талаблари бузилган. Туман адлия бўлими томонидан мактабгача таълим бўлимига тақдимнома киритилиб, устама пуллари тўлаб берилди.
Туман бандликка кўмаклашиш марказига мактабгача таълим бўлими мансабдор шахсларини Ўзбекистон Республикаси Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 49-моддасига асосан Меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлиги учун маъмурий жавобгарликка тортиш тўғрисида таклиф киритилди ва лавозимли шахсларга базавий ҳисоблаш микдорининг беш бараварида, яъни 1 миллион 115 минг сўм жарима жазоси қўлланилди.