Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси Президенти Мун Чже Иннинг таклифига биноан 30 октябрь куни Сеул шаҳрида видеоанжуман шаклида ўтган Шимолий иқтисодий ҳамкорлик иккинчи халқаро форумида иштирок этди ва нутқ сўзлади.
Таъкидлаш жоизки, ушбу тадбир Президент Мун Чже Ин ташаббуси билан ўтказилган бўлиб, бу гал унинг ишида Қозоғистон, Туркманистон ва Мўғулистон етакчилари ҳам иштирок этди.
Кун тартибига мувофиқ, коронавирус инфекцияси глобал миқёсда тарқалишининг салбий оқибатларига қарши биргаликда курашиш ва саъй-ҳаракатларни яқиндан мувофиқлаштириш ҳамда кўп томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида жаҳондаги мушкул вазият ва глобал инқироз шароитида айнан шундай кўп томонлама мулоқот янги хатар ва таҳдидларга самарали қарши туриш учун имконият яратиб, мамлакатларимиз барқарорлиги, фаровонлиги ва изчил тараққиётини таъминлашга хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Президенти халқаро сиёсатнинг энг муҳим жиҳатлари ва минтақавий ҳамкорлик истиқболларига тўхталиб ўтди.
Хусусан, COVID-19га қарши курашиш учун яқин мувофиқлашув ва кенг халқаро ҳамкорлик зарурлиги қайд этилди.
Муҳим йўналишларда, шу жумладан, Корея компаниялари билан биргаликда ташкил этилаётган фармацевтика кластери негизида самарали вакцина ва зардоблар, касалликларни тез ва аниқ ташхислаш тизимларини ишлаб чиқиш бўйича биргаликдаги ишларни давом эттириш таклифи билдирилди.
Бундан ташқари, замонавий лабораториялар яратиш ва чегаралардаги санитария назорати пунктларини модернизация қилиш, юқори малакали врачларни тайёрлаш, тиббий чиқиндиларни утилизация қилиш корхоналарини ташкил этиш, минтақада эпидемиологик вазиятни мониторинг қилиш ва барвақт прогнозлаштиришнинг интеграциялашган тизимини жорий этиш муҳимлиги қайд этилди.
Давлатимиз раҳбари Корея Республикасини мамлакатимизга рақамли ва «яшил» технологияларни келтиришда асосий ҳамкорлардан бири деб билишини алоҳида таъкидлади.
Ўзбекистон келгуси йилда Сеул шаҳрида бўлиб ўтадиган «Яшил» тараққиёт ва 2030 йилга қадар глобал мақсадлар учун шериклик халқаро саммитида фаол иштирок этиши маълум қилинди.
Самарали минтақавий транспорт йўлакларини ривожлантириш алоҳида долзарб аҳамиятга эга экани таъкидланди. Бу борада сўз юритилганда, аввало, Транссибирь магистрали ва «Ғарбий Европа – Ғарбий Хитой» йўлаги маршрутларини минтақамизда янги темир йўллар қуриш лойиҳалари билан ўзаро боғлаш зарурлигини қайд этиш лозим.
Шу муносабат билан давлатимиз раҳбари ушбу ноёб лойиҳаларни амалга ошириш масаласини экспертлар даражасида кўриб чиқишни бошлаш таклифини илгари сурди.
«Марказий Осиё – Корея Республикаси» форуми доирасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу формат доирасидаги шерикликни янги, янада юқори босқичга олиб чиқиш ҳамда форум йиғилишини ҳукумат раҳбарлари иштирокида ўтказишга объектив зарурат сезилаётгани қайд этилди.
Президент Шавкат Мирзиёев Президент Мун Чже Иннинг Корея яриморолидаги мустаҳкам тинчликка эришиш борасидаги фаол саъй-ҳаракатларини минтақавий ва глобал хавфсизликни таъминлашга муҳим ҳисса сифатида қўллаб-қувватлашини алоҳида таъкидлади.
Кенг тажриба алмашиш мақсадида Ядровий қуролсизланиш, ядровий қуролдан холи ҳудудлар яратиш масалалари бўйича халқаро экспертлик форумини ўтказиш таклиф этилди.
Нутқини якунлар экан, давлатимиз раҳбари Ўзбекистон ва Жанубий Корея алоҳида аҳамиятга эга, ишончли стратегик шериклар эканини, муносабатларимиз бир неча минг йиллик тарихга эгалигини таъкидлади. Ушбу форум мамлакатларимизнинг узоқ муддатли ва серқирра ҳамкорлигини бутун минтақа тинчлиги ва равнақи йўлида ривожлантириш учун янги истиқболлар очиб беришига ишонч билдирди.
Шунингдек, тадбир дастурига мувофиқ форумда Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ва Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов нутқ сўзладилар, Мўғулистон Президенти Халтмаагийн Баттулғанинг мурожаати ўқиб эшиттирилди.
ЎзА