Ўзбекистонликларнинг нодавлат республика жамоат бирлашмаси Хоразм вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари С.К. фуқаро С.В.нинг ишончига кириб, уни Астрахань давлат техника университетига онлайн тест имтиҳонидан ўтказиб қўйиш орқали ўқишга киритиб қўйган.
Бунинг эвазига эса бирлашма хизмати учун 2 миллион сўм ҳамда ўқишга кирганлиги ҳақида буйруқ чиқариб бериш учун 700 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан олган.
Бу Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Урганч шаҳар бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фош этилди.
Андижонда фуқаро А.Х. ва бошқалар олдиндан тил бириктириб, дори воситалари нархини сунъий равишда ошириб муомалага киритиш орқали даромад орттиришни кўзлаган. Шу мақсадда харидор М.П.га хорижда ишлаб чиқарилган “Пропинем”, “Миропенем” ва “Бициклол” дори воситаларини 13 минг 550 АҚШ доллари ва 34,9 миллион сўмга сотган вақтида Департаментнинг Андижон вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ашёвий далил билан ушланган.
Наманганда фуқаролар С.Ж. ва Б.К.лар ноқонуний даромад орттиришни кўзлаб, олдиндан тил бириктириб, фуқаро Б.О.га умумий вазни 266,48 грамм бўлган уч дона “Плат” деб номланган металлни фирибгарлик йўли билан ўтказиш мақсадида (ушбу металл қимматбаҳо эканлигига ишонтириб) ҳар бир граммини 900 минг сўмдан ҳисоблаб, 25 минг АҚШ долларига сотишга келишиб, шундан, 15 минг АҚШ долларини олган вақтида Департаментнинг Уйчи тумани бўлими томонидан туман ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда ашёвий далил билан ушланган.
Экспертиза хулосасига кўра, қонунбузарлардан олинган уч дона қизғиш рангли қуйма металл бўлаклари таркибида қимматбаҳо металлар мавжуд эмаслиги аниқланган.
Бош прокуратура матбуот хизмати хабарига кўра, юқоридаги ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
ЎзА