Хизмат кўрсатиш сифати янада яхшиланади

Нукусда Қорақалпоғистон Республикаси “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси туман бўлимларига 11 дона хизмат автомашинаси топширилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Давлат экология қўмитаси раиси ўринбосари И.Боқижонов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг биринчи ўринбосари Ж.Казбеков, Қорақалпоғистон Республикаси “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси директори О.Генжебаев сўзга чиқиб, мамлакатимизда иқтисодиёт соҳаларида ва аҳоли пунктларида ҳосил бўладиган маиший ва қурилиш чиқиндилари билан боғлиқ ишларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш, чиқиндиларни қайта ишлашда юқори технологиялар қўлланиладиган ишлаб чиқаришларни жорий этиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга тўхталишди.
Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 29-сентябрдаги “Маиший ва қурилиш чиқиндилари билан боғлиқ ишларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ҳудудларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга оширишда давлат-хусусий шерикликнинг янги модели босқичма-босқич жорий этилиб, давлат корхоналари ҳисобидаги чиқинди полигонлари чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш бўйича технологияларни татбиқ этган ҳолда қўшимча равишда капитал қўйилмалар ва инвестицияларни жалб қилиш шарти билан хусусий шерикка узоқ муддатга фойдаланишга берилади. “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси томонидан жорий йилнинг 9 ойи давомида 120 минг 131 тонна қаттиқ ва 22 минг 519 тонна суюқ чиқинди полигонларга жойлаштирилган.
Тизимда давлат хусусий шерикчиликни йўлга қўйиш ҳамда амалдаги корхоналарга янги техникалар харид қилиш ва чиқинди йиғиш пунктларини кўпайтириш ҳисобига жорий йил 1 сентябрь ҳолатига маҳалла фуқаролар йиғинларини маиший чиқиндиларини тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари билан қамраб олиш даражаси 288 тани ташкил этади.
Бу кўрсаткич келгуси йилнинг 1 июль ҳолатига 356 та ва 2022 йилнинг 1 январь ҳолатига 412 та маҳалла фуқаролар йиғинига етказилиб, қамров 100 фоизга етказилади. Шунингдек, Европа тараққиёт ва тикланиш банки кредит маблағлари ҳисобидан Нукус шаҳри, Тўрткўл, Қўнғирот, Қораўзак туманларида умумий қиймати 120 миллион евро бўлган “Маиший чиқинди полигонларини рекультивация қилиш ва полигонларни қуриш” лойиҳасини амалга ошириш назарда тутилган.
–Бу ўз навбатида аҳолидан қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиш ва уларни махсус полигонларга жойлаштириш ишларининг янада яхшиланишига хизмат қилади, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Экология қўмитаси раисининг матбуот котиби – ахборот сиёсати бўйича маслаҳатчиси Улбосин Мирзаназарова. – Энг асосийси, атроф-муҳитнинг чиқиндилар билан ифлосланиш даражасини камайтиришга эришилади.
Тадбир сўнгида “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси туман бўлимларига хизмат автомашиналари топширилди.
photo_2020-10-14_15-17-31.jpg

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА