Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Ҳиндистон Республикасининг мамлакатимиздаги янги тайинланган Фавқулодда ва мухтор элчиси Маниш Прабҳатни қабул қилди.
Вазир ишонч ёрлиқлари нусхаларини қабул қилиб оларкан, дўст Ҳиндистон мамлакати Элчисини юқори ва масъулиятли лавозимга тайинлангани билан табриклади ҳамда унга муваффақият тилади.
Суҳбат давомида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги икки томонлама алоқаларнинг жорий ҳолати, ривожланиш истиқболи кўриб чиқилди.
Ўзбекистон – Ҳиндистон муносабатлари сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилиб, ижобий ўсиш суръати кузатилаётгани қайд этилди. Олий даражадаги мунтазам мулоқотлар икки томонлама стратегик шерикликни мустаҳкамлашга замин яратмоқда.
Томонлар турли даражада бўлиб ўтадиган қўшма тадбирлар жадвали бўйича фикр алмашдилар. Хусусан, икки мамлакат ташқи ишлар идоралари ўртасида навбатдаги сиёсий маслаҳатлашувни ўтказиш таклиф қилинди.
Коронавирус пандемиясининг икки томонлама савдо-иқтисодий муносабатларга салбий таъсири олдини олиш ва ўзаро савдо ҳажмини янада ошириш юзасидан қўшимча чоралар кўриш зарурлиги таъкидланди.
Тиббиёт, фармацевтика, таълим ва инновация соҳаларида инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни давом эттириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида сайёҳлик алмашинувини қайта тиклаш, ўзаро сайёҳлар оқимини оширишга қизиқиш билдирилди.
Учрашувда томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.
ЎзА