Вазир Элчининг ишонч ёрлиқлари нусхаларини қабул қилиб олди.Суҳбат чоғида Ўзбекистон – Покистон муносабатларининг ҳозирги ҳолати ва муносабатларни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари, шунингдек, БМТ, ШҲТ, Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмалар доирасидаги ҳамкорлик истиқболи муҳокама қилинди.
Томонлар сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция, маданий-гуманитар алоқаларни фаоллаштириш масалалари ҳамда турли даражадаги бўлажак учрашувлар жадвали бўйича фикр алмашди.
Ўзаро товар айирбошлаш изчил ўсаётгани ҳамда икки томонлама савдо ҳажмини янада ошириш учун улкан салоҳият мавжудлиги мамнуният билан қайд этилди.
Икки мамлакат қонун чиқарувчи органлари ўртасида мулоқот йўлга қўйишга қизиқиш билдирилди.
Афғонистонда тинчлик жараёнини илгари суриш ҳамда ушбу мамлакатда транспорт-коммуникация ва энергетика лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашувда халқаро ва минтақавий кун тартибининг алоҳида масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.