Тожикистон: "Ўзметкомбинат" 17 миллион долларлик экспорт шартномалари имзолади

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси делегацияси Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг 7-йиғилишида иштирок этиш учун Душанбе шаҳрига ташриф буюрди.
Ташриф доирасида Ўзбекистон Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, Олмалиқ КМК АЖ ва «Ўзметкомбинат» акциядорлик жамияти вакиллари Тожикистонда жойлашган Шоҳқадамбулоқ темир-руда конига ҳам боришди.
Қайд этиш керакки, мазкур кон металл маҳсулотлари ишлаб чиқаришда зарур бўлган кўп йиллик темир рудаси захирасига эга эканлиги ва қулай географик жойлашуви билан аҳамиятли.
Сўнгра Ўзбекистон-Тожикистон ҳамкорлик алоқалари доирасидаги бизнес-форум давомида «Ўзметкомбинат» акциядорлик жамияти вакиллари импортёр корхоналар билан музокаралар ва учрашувлар ўтказди. Натижада қиймати 17 миллион доллардан ортиқ экспорт шартномалари имзоланди.
Маълумот ўрнида айтиш мумкин-ки, ушбу комбинат маҳсулотларига Тожикистон бозорида талаб етарлича мавжуд. Экспорт ҳажми сўнгги уч йилда 20 баробарга ортгани ҳам бунинг ёрқин исботидир. Ҳозирга қадар комбинатда ишлаб чиқарилаётган металл прокат маҳсулотларидан фойдаланган ҳолда Душанбе шаҳрида кўп қаватли бинолар қад ростлади. Яна 10 дан ортиқ бино-иншоатларнинг қурилиши давом этмокда.
Шунингдек, музокаралар давомида, сирланган пўлат идишлар, мих маҳсулотлари ва базальт плиталарини етказиб бериш бўйича узоқ муддатли экспорт шартномалари ҳамда келишувлар тузилди.
Ана шу мақсадда ташриф давомида комбинат ва комбинатнинг Тожикистон Республикасидаги Савдо уйи вакиллари Душанбе бозорларида ўз маҳсулотларини савдоси юзасидан маркетинг тадқиқоти ўтказди. Натижада кўплаб турдаги маҳсулотларнинг Тожикистон бозоридаги савдосини янада ошириш мумкинлиги аниқланди.
photo_2020-09-29_17-57-52.jpg

 

ЎзА