Чорвачилик соҳасида ким пешқадам?

Ўзбекман, деган инсон борки, чорвани оиланинг баракаси деб билиб, хонадонида битта бўлсаям мол асрайди. Юртимизда чорвачиликни ривожлантириш, бу борада тадбиркорликни йўлга қўйишга устувор аҳамият қаратилаётгани, зотли чорва молларини харид қилиш, уларни кўпайтириш ва бу орқали аҳолининг арзон, сифатли гўшт ва сут маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини таъминлашга кенг йўл очилган.

Чорвачилик тармоғини равнақ топтиришга қаратилган кўплаб истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Юзлаб чорвачилик комплекслари пайдо бўлди. Бу лойиҳалар халқимизни арзон, сифатли гўшт ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, айниқса, қишлоқда истиқомат қилаётган фуқароларнинг бандлигини ошириш ҳамда даромадларини кўпайтиришга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир.Давлат статистика қўмитасининг ахборот хизматидан маълум қилишларича, 2020 йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, барча тоифадаги хўжаликларда йирик шохли қорамоллар бош сони 2019 йилнинг мос даврига нисбатан 127,4 минг бошга кўпайиб, 12 611,8 минг бошга етди.

Қайд этиш керакки, айни вақтда юртимиздаги йирик шохли қорамоллар бош сонининг 93,4 фоизи деҳқон (шахсий ёрдамчи) хўжаликлари ҳиссасига тўғри келади. Агарда бу кўрсаткични вилоятлар мисолида ўрганадиган бўлсак, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятлари – 12,2 фоиз билан пешқадамлик қилмоқда. Чунки ушбу вилоятларда ер кенг, озуқа мўл, иқлим бўлса қулай. Ҳаммасидан ҳам аҳамиятлиси, бу ернинг одамлари соҳани яхши тушунади.

Йирик шохли қорамоллар умумий бош сонининг энг асосий улушида Бухоро вилояти – 9,6 фоиз, Қорақалпоғистон Республикаси – 8,7 фоизни эгаллайди.
Қайд этиш керакки, мазкур вилоятлар юртимиз бозорларига гўшт ва сут маҳсулотлари етказиб берувчи етакчи ҳудудлар сирасига ҳам киради.

 

ЎзА