Ижтимоий тармоқларда ваҳима келтириб чиқарувчи асоссиз маълумотларни тарқатиш ҳолати учрамоқда
Айни пайтдаги маълумотлар, мамлакатимизда коронавирус инфекцияси билан зарарланганлар сони 53 минг нафардан ортганлигини, улардан 49 минг 832 нафари соғайганлигини кўрсатмоқда.

Махсус комиссиянинг жорий йил 17 сентябрь кунидаги қарорига асосан карантин талабларини босқичма-босқич юмшатиш билан бир қаторда, жамоат жойлари, жамоат транспортида ижтимоий масофа сақлаш, тиббий ниқоб тақиш, тўй ва бошқа оилавий маросимларни ўтказиш бўйича белгиланган чекловлар сақланиб қолган. Лекин, инфекция тарқалишида асосан фуқароларнинг карантин талабларига риоя қилмаётганлиги сабаб бўлмоқда.

Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматининг хабарига кўра, карантин чекловлари юмшатилиши муносабати билан айрим фуқароларнинг мавжуд карантин чекловлари ҳамда санитария-эпидемологик талабларга риоя этмаётганлиги, жамоат жойлари, жамоат транспортида ижтимоий масофа сақламаётганлиги, тиббий ниқоб тақмасдан ҳаракатланаётганликлари аниқланган.

Шунингдек, тўй ва бошқа оилавий маросимларни ўтказиш талаби ва тартиби бузилаётганлиги ҳам аҳоли ўртасида коронавирус инфекцияси тарқалиши ҳолатларининг кескин ошишига сабаб бўлмоқда.

Махсус комиссия томонидан белгиланган карантин қоидаларига риоя қилинишини назорат қилиш ички ишлар идоралари ва Миллий гвардия ходимларига юклатилган бўлиб, 2020 йилнинг март ойидан айни пайтга қадар 638 минг 859 та ҳуқуқбузарлик аниқланган бўлиб, шундан 571 минг 264 таси эркаклар ва 67 минг 595 таси аёллар томонидан содир этилган.

Ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиш усули бўйича тахлил қилинганида, 618 минг 801 та ҳолатда тиббий ниқоб тақмасдан юриш, 20 минг 58 та белгиланган карантин чекловларига амал қилмаслик бўйича ҳуқуқбузарликлар аниқланган. Шундан, 521 та вақтинчалик тўхтатилган савдо фаолиятини давом эттириш, 497 та карантин ҳудудини ташлаб кетиш, 213 та тўй ва маросим ўтказиш қоидаларини бузиш, 14 та ижтимоий тармоқларда ваҳима келтириб чиқарувчи асоссиз маълумотларни тарқатиш каби ҳуқуқбузарликлар аниқланган.

 

Гулноза БОБОЕВА, ЎзА