Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш муҳим вазифа

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида «Хотин-кизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш ва гендер тенглик” масалаларига бағишланган илмий-амалий конференция бӱлиб ӱтди.
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши «Аёллар каноти», Қоракалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани кўллаб-кувватлаш вазирлиги ва бир катор ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирни университет ректори А.Реймов кириш сўз билан очди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан хотин-қизлар масаласи, уларнинг турмуш шароитларини яхшилаш, маиший ҳаётдаги муаммоларини ҳал қилиш, иқтидори ва имкониятларини кўрсатиш учун қулай шароит яратилмоқда. Оилада, жамиятда, айниқса, хотин-қизларнинг ижтимоий ҳаётдаги фаоллигини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётгани натижасида ижтимоий муносабатларда ҳам, қонунчиликда ҳам катта ўзгаришлар амалга оширилмоқда.
Мамлакатимиз ривожида, жамият ҳаётида, оилалар мустаҳкамлигида хотин-қизларнинг ўрни ва аҳамияти катта. Юртимиз аҳолисининг 50 фоизини ташкил этадиган хотин-қизлар жамиятнинг барча соҳаларида самарали фаолият юритмоқда.
Президентимизнинг 2019 йил 7 мартдаги “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ушбу йўналишда туб бурилиш ясади. Мазкур қарорда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш юзасидан янги қонунлар ишлаб чиқилиши муҳим вазифа сифатида белгиланган эди.
Маърузачилар томонидан мамлакатимизда хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш, шунингдек гендер тенгликни таъминлаш, аёлларнинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётдаги ролини ошириш ишлари бир неча йўналишларда, ҳусусан, аёллар ҳуқуқлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини, аёлларни ҳимоя қилишнинг институционал асосларини такомиллаштириш алоҳида қайд этилди. Аҳолининг гендер тенглик ва аёллар ҳуқуқлари тўғрисида хабардорлигини ошириш, ҳуқуқни қўллаш амалиётида уларга риоя этилишини таъминлаш учун масъул мансабдор шахсларни тегишли ҳуқуқий меъёрлар асосида ўқитиш бўйича олиб борилаётганлиги алоҳида таъкидланди.
Ўзбекистонда бир қатор қонун ҳужжатлари, жумладан, Президентнинг хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш, хусусан, гендер тенглиги ва аёлларни зўравонлик ва зулмдан ҳимоя қилиш, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш мақомини кучайтириш тўғрисидаги фармон ва қарорлари қабул қилинган.
Мазкур соҳадаги қонунчилик чораларига тўхталадиган бўлсак, Ўзбекистонда хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш мақсадида 2019 йил сентябрь ойида “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ҳамда “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди. Уларда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатларини таъминлашнинг асосий принциплари сифатида қонунийлик, демократизм, жинси бўйича камситишга йўл қўйилмаслик, очиқлик, шаффофлик белгилаб берилган.
Қонуннинг қабул қилиниши давлат бошқарувида аёлларнинг эркаклар билан тенг шароитда иштирок этишини, айниқса, раҳбарлик лавозимларида ҳам ишлаши мумкинлигини кафолатлайди. Шунингдек, қонунда ҳокимият вакиллик органларига сайловларда ҳам сиёсий партиялар томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари Кенгашлари депутатлигига номзодлар кўрсатишда хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги таъминланиши белгилаб қўйилди.
–Гендер тенгликни жорий қилиш нуқтаи назаридан барча соҳалар қаторида таълимдаги ижобий силжишларни алоҳида таъкидлаш керак, – дейди Қорақалпоқ давлат университети ректорининг Хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Инжайим Сейтназарова. – Яъни, 2017 йилдан бошлаб аксарият олий ўқув юртларида турли мутахассисликлар бўйича сиртқи бўлимлар фаолияти қайта тикланди.
Таълимнинг ушбу шакли ёш аёлларга болаларни парвариш қилиш ва бошқа оилавий мажбуриятларни бажаришга халал қилмасдан олий маълумот олиш имкониятини беради. Ӱтказилган тадбир жамиятимизда хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишда, хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқи ҳамда имкониятлар кафолатларини таъминлашда, уларнинг ечимларини илмий ва амалий йўналишларда очиб кўрсатишда муҳим аҳамият касб этади.
Конференция охирида тавсия ва таклифлар билдирилиб, иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоблар олди.
photo_2020-09-19_14-39-46.jpg
photo_2020-09-19_14-39-48.jpg

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА