Янги тартибдаги «суюнчи» пули ва дафн нафақаси қандай тўланади?

Ўзбекистонда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишнинг янги тартиблари жорий этилди. Бу Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 23 майдаги «Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида давлат хизматлари кўрсатишнинг айрим маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори билан мустаҳкамланди.
Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўлим бошлиғи ўринбосари Муҳаммадзоир Ўринбоев ЎзА мухбирига янги тизимга доир янгиликлар ҳақида гапириб берди.
– 2020 йил июнь ойидан бошлаб фарзанд туғилганда бериладиган бир марталик нафақа («суюнчи» пули) ва дафн маросими учун нафақа Давлат хизматлари марказлари (ДХМ) орқали расмийлаштирилади, – деди М.Ўринбоев. – Аввалги тартиб бўйича фуқаролар нафақа пулларини олиш учун иш жойига керакли ҳужжатларни илова қилган ҳолда мурожаат қиларди. Ишхоналар эса бу талабномани Пенсия жамғармасига тақдим этарди. Эндиликда бу оворагарчиликка чек қўйилди. Янги тартибга кўра, барча ишловчи ва ишламайдиган фуқаролар «суюнчи» пули ва дафн маросими учун нафақани олиш учун Давлат хизматлари марказларига келган ҳолда ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали электрон шаклда мурожаат қилади. Бунда фуқаролар «суюнчи» ва дафн нафақасини олиш учун ўзларига қулай бўлган Халқ банки филиалини танлаган ҳолда, нафақаларни ушбу филиал орқали олиш имкониятига эга бўлади.
Таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг 1 июнь санасига қадар бола туғилганда бериладиган «суюнчи» пули ёки дафн маросими нафақаси учун Пенсия жамғармаси ё бўлмаса иш жойига мурожаат қилишга улгурмаган фуқаролар ҳам бу турдаги нафақаларни олиш учун ДХМга келган ҳолда ёки ЯИДХП орқали электрон шаклда мурожаат қилиши мумкин.
Бир марталик «суюнчи» пулини олиш учун бола туғилгандан сўнг 6 ой муддатда, дафн маросими учун нафақага эса фуқаро вафотидан кейин 60 кун муддатда мурожаат қилиш лозим.
Эътиборли жиҳати шундаки, 2020 йил июль ойидан кейинги даврда корхона ва ташкилотлар томонидан 16 ёшгача ногирон болаларнинг ота-оналарига қўшимча дам олиш кунлари ҳақининг тўланиши, пенсия (нафақа) тайинланмаган, бироқ уй-жой коммунал тўловлари бўйича компенсация олиш ҳуқуқига эга бўлганларга компенсацияга тўловлар учун талабнома тақдим этилиши мумкин.

 

Шаҳноза Маматуропова ёзиб олди, ЎзА