Ўзбекистонлик олимлар яратган дори воситаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига топширилди

9 июнь куни Инновацион ривожланиш вазирлиги кўмагида “China–Uzbekistan Medicine Technical Park” технопарки томонидан ишлаб чиқарилган 19 500 дона «Рутан» дори воситаси Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига беғараз тақдим этилди.

Тақдимот маросимида ЎзРФА Биоорганик кимё институти директори, академик Шавкат Солиҳов, Соғлиқни сақлаш вазирлиги хузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори ўринбосари Баҳром Алматов, Фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги директори Сардор Қориев, Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Олимжон Тўйчиев, Биоорганик кимё институтидаги Хитой–Ўзбекистон қўшма лабораторияси мудири, “China–Uzbekistan Medicine Technical Park” технопаркининг илмий маслаҳатчиси Шарофиддин Мирзааҳмедов иштирок этди.

photo_2020-06-09_19-33-19.jpg
photo_2020-06-09_19-32-58.jpg

ЎзРФА Биоорганик кимё институти олимлари яратган гриппга қарши «Рутан» дори воситаси хитойлик олимлар ўтказган синовлар натижасида SARS CoV-2 типидаги грипп вируси таъсирини 78,3 фоизга сусайтириш хусусиятини намоён қилган. Шу боис, “Рутан” GMP талабларига жавоб берувчи Хитой – Ўзбекистон тиббий технопаркида тайёр дори воситаси сифатида ишлаб чиқилди. 11 минг ўрам ушбу дори воситаси коронавирусга қарши гуманитар ёрдам сифатида Эронга ҳам юборилган эди.

Инновацион ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликда ишга туширилган Ўзбекистон – Хитой илмий-технологик паркига 20 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилган бўлиб, 300 та иш ўрни ташкил этилган. Марказнинг ўзига хослиги шундан иборатки, бу ерда Шарқ табобатига хос анъанавий даволаш усуллари билан бирга, Ғарб тиббиётининг илғор ютуқларидан кенг фойдаланилади.

photo_2020-06-09_19-32-46.jpg
photo_2020-06-09_19-32-53.jpg

Бугунги кунда технопаркда дори препаратларини 8 хил кўринишда ишлаб чиқарадиган фармацевтика заводи фаолият юритмоқда. Завод GMP талаблари ва халқаро стандартларга тўла жавоб беради.

GMP (Good Manufacturing Practic) – дори воситалари, тиббиёт ускуналари, диагностика жиҳозлари, озиқ-овқат маҳсулотлари, биологик фаол қўшимчаларни ишлаб чиқариш меъёрлари, қоидалари ва кўрсатмаларини мужассам этган халқаро тизим бўлиб, бирор препарат яратилса, уни рўйхатдан ўтказувчи ташкилот томонидан жорий этилган талабларга мос равишда ишлаб чиқарилишини таъминлайди.

photo_2020-06-09_19-33-26.jpg
photo_2020-06-09_19-32-37.jpg

 

ЎзА