77 ёшли Қорақалпоғистонлик олим фан докторлиги диссертациясини онлайн ҳимоя қилди

Бешикдан то қабргача илм изла, дейилган ҳадиси шарифда. Қорақалпоғистонлик 77 ёшдаги олим, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Қорақалпоғистон бўлими, Қорақалпоқ табиий фанлар илмий-тадқиқот институти катта илмий ходими Сали Бауатдинов пандемия шароитидан келиб чиқиб фан докторлиги диссертациясини онлайн ҳимоя қилди.
«Қорақалпоғистон агрорудалари асосида янги турдаги мураккаб аралашмали ўғитлар олишнинг ресурс тежамкор технологиясини ишлаб чиқиш» мавзусида докторлик (DSc) диссертациясини онлайн тарзда муваффақиятли ҳимоя қилган С. Бауатдинов докторлик иши юзасидан кўп йиллардан буён тадқиқот ишларини олиб бормоқда.
– Бирор марта бўлса ҳам ишлашдан чарчадим, деб айтмаган. Ҳар куни ишга завқ билан отланади ва бизга доим иш жойидаги ютуқларини тўлиб тошиб айтади. «Бугун 10 бет, 12 бет илмий мақола ёздим» деб ўзига қаноатланиб ўтиради, – дейди олимнинг ўғли Шамсутдин Бауатдинов.
С.Бауатдинов Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Қорақалпоғистон бўлимида Қорақалпоқ табиий фанлар илмий-тадқиқот институти катта илмий ходими сифатида илмий ишларини давом эттирмоқда.
Унинг илмий ишланмалари асосида Қорақалпоғистон Республикасининг деярли барча туманларида, жумладан, Қораўзак, Кегейли, Чимбой ва Хўжайли туманлари – жами 18 та фермер хўжаликларидаги пахта экилган майдонларда тадқиқот ишлари олиб борилмоқда. Илмий ва амалий натижалар фермер хўжаликлари майдонларида жорий этилаётир.
photo_2020-06-07_19-13-37.jpg
Бугунги кунда юртимизда унинг бевосита иштирокида яратилган ишланмалар асосида янги ўғитлар, дефолиантлар, ўсиш стимуляторларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда.
2016-2017 йиллари янги турдаги «Мураккаб аралашмали ўғит» Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими қошидаги кичик саноат ўғит ишлаб чиқариш қурилмасида йилига 80 тоннадан, 2018-2019 йилллари «Бурлитоғ кимё» МЧЖ кичик корхонасида йилига 6000 тоннадан ишлаб чиқарилди.
С.Бауатдинов томонидан мураккаб аралашмали минерал ўғитларнинг янги турларини Қораўзак, Кегейли, Чимбой ва Хужайли туманларининг пахта далаларида фойдаланиш ва агрокимёвий текшириш ишлари олиб борилди.
У томонидан яратилган мураккаб аралашмали минерал ўғитлари экин майдонларида (асосан пахта далаларида) ҳосилдорликни 32 фоизгача оширди.
Мураккаб аралашмали минерал ўғитлар қўллаш тадбири тадқиқотлар олиб борилган туманлардаги 18 фермер хўжаликларига 4 йил давомида 480,8 гектар пахта экинлари далаларида жорий этилиб, кутилган иқтисодий самарадорликка эришилди.
photo_2020-06-07_19-13-32.jpg
Мураккаб аралашмали минерал ўғитлар жорий этилган пахта экилган майдонларда янги ўғитни қўллаш ва қиммат кимёвий ўғитни камайтириш ҳисобига иқтисодий самарадорлик экилган ҳар бир гектарга 207677 сўмни ташкил этди.
Мураккаб аралашмали минерал ўғитларни Республиканинг пахта ва қишлоқ хўжалиги экинлари экиладиган майдонларида қўллаш тавсия этилди. Натижада ҳосилдорлик ошди.
С. Бауатдинов Қорақалпоғистон Республикаси Чимбой туманида зиёли оилада туғилган. 1960 йил мактабни тугатиб олийгоҳда ўқишни давом эттиради. Меҳнат фаолиятини 1966 йили Қорақалпоқ давлат педагогика институтида ўқитувчиси бўлиб ишлашдан бошлаган.
Илмий хизматлари билан Қорақалпоғистон аграрлари яъни, мураккаб соддалаштирилган мавзуларида 4 монография чоп этди. Мана шундай меҳнатлари меваси ўлароқ, 2013 йилда «Қорақалпоғистон Республикасига меҳнати синган илм фидойиси» мукофотини қўлга киритди.
– «Илм қоронғуликларни ёритувчи машъаладир», деб халқимиз бежизга айтмаган. Мен ҳам ҳаёт йўлимни илм билан ёритдим. Фарзандларимни илм билан топилган ҳалол луқма билан камолга етказганман.
photo_2020-06-07_19-13-41.jpg
Илмий ишларим бўйича тадқиқотлар ўтказган пайтлари машаққатлар бўлиб турган. Тўғри, қийинчиликсиз ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Лекин, мен тўхтамадим, тинмадим, изландим. Ёшим ўтди, энди бўлди демадим.
Чунки, инсон боласи қабргача илм излаши керак , – дейди олим. – Менга Президентимизнинг «Илм-фан билан шуғулланиш, янги кашфиёт ва ихтиролар қилиш игна билан қудуқ қазишдек гап.
Шундай экан, бу машаққатли соҳада фидокорона меҳнат қилаётган олимларимиз меҳнати таҳсин ва рағбатга муносиб», деган сўзлари ҳам қувват ҳам куч бағишлаб турди.
Илм-фан, таълим-тарбия инсон фаолиятининг зарурий омили бўлганидек мен уларсиз ҳаётимни тасаввур қила олмайман. Насиб Аллоҳ, келгусида ҳам бу каби илмий ишлар қилишга ният қилганман.
С. Бауатдинов шу кунгача юздан ортиқ илмий мақолалар ёзган, мақолалари чет эл илмий нашрларида ҳам чоп қилинган, давлатимиз ва нуфузли чет эл илмий конференцияларида иштирок этган.

 

Е.Қаноатов, ЎзА