Ахборот технологиялари хизматларини кўрсатиш учун юртимизда кенг имкониятлар яратилмоқда. Бунинг учун эса кенгайиб бораётган халқаро ҳамкорликларнинг ўрни беқиёс.

Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Қатарга ташрифи доирасида EXCOM раиси ўринбосари Холид Маннаи, «Mannai» корпорацияси раҳбари Алех Гревал, корпорация гуруҳи бош директори ва «Mannai» InfoTech катта вице-президенти жаноб Бину билан учрашув ўтказди.

Муҳокамаларда ахборот технологиялари хизматларини кўрсатиш учун юртимизда «offshore» етказиб бериш марказини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди, дейилади Рақамли технологиялар вазирлиги маълумотида.

Учрашувда, шунингдек, «Mannai» корпорацияси ва Қатарнинг бошқа АТ компаниялари билан ҳамкорликда ходимларнинг малака даражасини ошириш ва ишга ёллаш харажатларини камайтиришга мўлжалланган ихтисослаштирилган лойиҳа ишлаб чиқиш масаласига эътибор қаратилди.

Шунингдек, махсус АТ ўқув марказини ташкил этиш масаласи кўриб чиқилди. Учрашув якунида Рақамли технологиялар вазирлиги ва «Mannai» корпорацияси ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.

А.РУСТАМОВ, ЎзА