Коронавирус пандемияси инсоният бошига оғир ва мураккаб кунларни соляпти. Дунё иқтисодиёти абгор аҳволга келиб қолди. Эпидемия “юриши”дан қўшни Қозоғистон ҳам оғир талафот кўрди.
Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев Фавқулодда ҳолат бўйича давлат комиссиясининг сўнгги мажлисидаги нутқида охирги икки ой мамлакат учун осон бўлмаганини қайд этди. Пандемия ҳали бартараф этилмади. Аммо унинг юқори чўққисидан ўтилган. Фавқулодда вазият режимини таъминлаш бўйича ҳукумат комиссияси қозоғистонликларнинг саломатлигини асраш, даромади ва бизнесини қўллаб-қувватлашга оид 500 га яқин қарор қабул қилган. Энди мазкур комиссия иқтисодий ўсишни тиклаш бўйича давлат комиссиясига айлантирилди.
Тан олиш керак, мамлакатнинг айрим минтақаларида эпидемиологик вазият кескинлигича қолмоқда. Пандемия ҳамон хавф солиб турибди. Шунинг учун карантин чоралари минтақалардан ҳар биридаги вазият яхшилангани сари олиб ташланади. Шунга қарамай, иқтисодиётнинг кўплаб тармоқлари фаолияти қайта тикланмоқда. 1 миллион 100 минг қозоғистонлик ишга қайтган.
– 11 майдан бошлаб бутун мамлакат бўйлаб айрим дўконлар, гўзаллик салонлари, таълим марказлари ва бошқа объектлар ўз фаолиятини бошлади. Парк ва хиёбонлар очилди. Йўловчи авиаташувчи қатновлар йўлга қўйилди. Аммо кундалик турмушда эҳтиёткорлик чораларига риоя қилиш лозим, – дейди Қ.Тоқаев. – Кичик, ўрта ва йирик компаниялар янги тавсияларга кўра ишлашга мажбур. Ижтимоий масофа, жамоат жойларида ниқоб тақиш оддий ҳолга айланмоғи керак. Вилоятлар ўртасидаги қатновларга чекловлар сақлаб қолинади. Албатта, вирус тарқалишининг иккинчи тўлқини таҳдиди мавжуд. Шунинг учун ҳаммаси одамларнинг ўзига боғлиқ бўлиб қолмоқда.
Маълумки, Қозоғистонда инқирозга қарши чораларнинг иккита туркуми амалга оширилмоқда. 4,5 миллиондан зиёд қозоғистонликларга 42 минг 500 тенгедан ёрдам пули тўланди. 1 миллиондан зиёд киши озиқ-овқат ва маиший тўпламлар олмоқда. Коммунал тарифлар ҳам пасайтирилган. Икки миллионга яқин қарздорларга кредитлари бўйича тўловлар кечиктирилди. 700 мингдан кўпроқ компания ва тадбиркорларга солиқ юки пасайтирилиши уларга 1 триллион тенгени тежаш имконини берди.
Аммо пандемиянинг тез тарқалиши иқтисодий вазиятга салбий таъсир кўрсатди. Шу боис расмий Нур-Султон, Президент таъбири билан айтганда, ўз вақтида тезкор чораларни қабул қилди. Кўплаб масалалар “эшитаётган давлат” концепцияси асосида жамиятнинг фаол иштирокида ечилди.
Коронавирус пандемияси жаҳон иқтисодий тушкунлигининг бошланишига сабаб бўлди. Афтидан, буларнинг бари узоқ чўзиладиган иқтисодий инқирозга олиб келиши мумкин. Боз устига, дунёда протекционизм кучайиши кузатилаётгани айни ҳақиқат. Иқтисодиётнинг айрим тармоқлари қулади. 400 миллиондан ортиқ корхоналар банкротлик ёқасига келиб қолди. Хуллас, экспертлар кейинги юз йил ичидаги глобал иқтисодий қисқаришни тахмин қилмоқда.
Қозоғистон Президенти Қ.Тоқаевнинг айтишича, мамлакатнинг бу борада айрим яққол устунликлари бор. Энг аввало, етарли молиявий захиралар тўпланган, давлат қарзи ҳам катта эмас. Энди мамлакат маблағларни барча фуқаролар ҳаёти ва соғлиғини сақлашга, аҳолининг даромадларини оширишга, бизнесни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, фан ва таълим тизимини такомиллаштиришга йўналтирмоқчи.
Қозоғистон яқин вақтларда ечишни лозим топган еттита долзарб вазифани кун тартибига қўйди. Биринчиси, Қозоғистон иқтисодиётининг мустақиллигини ошириш. Иқтисодиётнинг турли тармоқларида ислоҳотлар ўтказиш, “яшил энергетика”га ўтиш, маҳаллий қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларини қўллаб-қувватлаш. Ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат маҳсулотлари импортини камайтириш.
Иккинчиси, “Бандлик йўл харитаси”га 1 триллион тенге ажратилади. Бу маблағларга биринчи навбатда янги иш ўринлари яратилиши керак.
Учинчиси, одамлар сотиб олишга қодир бўлган уй-жойлар қуриш иқтисодиётни ривожлантиришга, бандликнинг ўсиши ва ижтимоий қўллов омилига сабаб бўлиши мумкин. Уй олишга навбатда турганлар масаласини ечиш учун “5-10-20” тартибида кредитли уй билан таъминлаш учун янги лойиҳа ишга туширилади. Аксилинқироз маблағлари доирасида бу мақсадларга 390 миллиард тенге йўналтирилади.
Тўртинчиси, ойлик иш ҳақи ва даромадларнинг бошқа турларига нисбатан солиқ ундиришнинг адолатли шкаласини кўриб чиқиш белгиланди. Президент Қосим-Жомарт Тоқаевнинг айтишича, энди маоши баланд бўлмаган фуқаролар камроқ, юқори ҳақ оладиган ходимлар баландроқ тартибда солиқ тўлайди.
Бешинчиси, миллий бизнесни дастаклаш.
Олтинчиси, хорижий капитал учун рақобат кучаяр экан, ҳар бир капитал эгаси билан бевосита ишлашга ўтилади.
Еттинчиси, бутун дунёда бўлгани каби Қозоғистон ҳам барча корхона ва иш ўринларини сақлаб қололмайди, ҳар бир бизнеснинг барқарорлигини таъминлай олмайди. Шунинг учун фавқулодда ҳолат режими киритилишидан энг кўп жабр чеккан иқтисодиёт тармоқлари учун норматив даражада фавқулодда форс-мажор ҳолати жорий этилади. Шу билан бирга фуқароларни қўллаб-қувватлаш ва бинесни ривожлантириш учун иқтисодий ўсишни тиклашга қаратилган комплекс режа ва 2025 йилгача мамлакатни ривожлантиришга йўналтирилган стратегия ишлаб чиқилмоқда.
Абдували Сойибназаров,
шарҳловчи
ЎзА