Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари томонидан илгари сурилган ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳалар бўйича махсус танлов эълон қилинганини маълум қилди.
Биринчи танлов “Жамият ва оилада соғлом ижтимоий- маънавий ва тиббий муҳитни таъминлашда фуқаролик жамияти институтларининг фаоллигини ошириш” мавзуида бўлиб, у ўз ичига Соғлиқни сақлаш муассасалари билан ижтимоий шерикликда юқумли касалликлар профилактикаси, аҳоли орасида COVID-19 вирусининг олдини олиш ҳамда соғлом турмуш маданиятини юксалтиришга кўмаклашиш; Коронавирус инфекцияси (COVID-19) тарқалиши, унинг асоратлари ва қайта касалланиш ҳолатлардан сақланиш, аҳоли саломатлиги ва санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш мақсадида тиббиёт муассасалари билан тарғибот ишларини олиб бориш; Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларига, санитария қоидалари, гигиена нормаларига амал қилиш, санитария-гигиена тадбирларини янада кучайтириш каби 15 та пунктни ўз ичига олади.
Иккинчи танлов эса “Ҳаракатлар стратегияси, “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастури ижросида фуқаролик жамияти институтларининг фаол иштирокини таъминлаш” мавзуида ўтказилади.
Ушбу танлов ўз ичига Жойларда бандликни таъминлашда, камбағалликни бартараф этишда, айниқса, ёшларни ва аёлларни касбга йўналтиришда давлат органлари билан ижтимоий шерикликни кучайтириш; Уй хўжалиги асосида оилавий тадбиркорликни ривожлантиришда ННТва фуқаролик жамияти институтларининг фаоллигини қўллаб-қувватлаш; Олис, тоғли ва чегара ҳудудларида аҳолига сифатли ижтимоий хизматлар кўрсатишнинг инновацион чора-тадбирларини амалиётга жорий этиш сингари 17 та бандни ўз ичига олган.
Мазкур танловларга Давлат гранти ажратиш учун қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
1. Ташкилот раҳбари томонидан имзоланган ва муҳр билан тасдиқланган кузатув хати;
2. www.fundngo.uz веб-сайтида жойлаштирилган шаклда тўлдирилган давлат гранти лойиҳаси учун ариза;
3. Охирги ўзгартиш ва қўшимчалар билан давлат рўйхатидан ўтган ННТлар ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг Устави (Низоми) нусхаси;
4. Ташкилотнинг давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси;
5. Агар лойиҳани амалга ошириш лицензияланадиган фаолиятни талаб қилса, унда лицензиянинг нусхаси;
6. Манфаатдор давлат ва жамоат ташкилотларининг тавсия ҳамда қўллаб-қувватлаш хатлари.
Битта лойиҳа учун ажратиладиган грант миқдори – 40 миллион сўмгача.
Ҳужжатлар 2020 йил 15 апрелдан 18 майгача қабул қилинади.
Ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди номига “Ўзбекистон почтаси” орқали юбориладиган муҳрланган конвертларда (А4 форматда) қуйидаги манзил бўйича қабул қилинади: 100035, Тошкент шаҳри, Бунёдкор кўчаси, 1-уй.
Ҳужжатларни тақдим этиш шартлари ва намуналари билан Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондининг www.fundngo.uz расмий веб-сайтида танишиш мумкин.
Маълумот учун телефонлар: (0-371) 239-26-76, 239-26-86.
ЎзА