Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш тадбирларига жалб қилинадиган тиббиёт, санитария-эпидемиологик ва бошқа ходимларга қўшимча рағбатлантириш тўловлари тўланиши ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5969-сон фармони билан тиббиёт, санитария-эпидемиологик ва бошқа ходимлар коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш тадбирларига жалб қилинадиган даврда уларнинг ойлик лавозим маошига 6 фоиз миқдорида ҳар кунлик қўшимча тўловлар жорий қилинди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 26 мартдаги “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишга жалб қилинган тиббиёт ва санитария-эпидемиология хизмати ходимларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4652-сон қарори билан коронавирус инфекциясидан зарарланган беморлар билан мулоқотга киришадиган, зарарланган беморлар жойлаштирилган объектларда ҳамда коронавирус инфекциясини аниқлаш лабораторияларида фаолият олиб бораётган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга ҳар 14 кунлик фаолият даври учун қуйидаги миқдорларда (солиқлардан ташқари) махсус қўшимча рағбатлантириш тўлови белгиланди:
врач ходимларга, врач-лаборантларга – 25 миллион сўм;
 
ўрта тиббиёт ходимларига, ҳамшира-лаборантларга – 15 миллион сўм;
 
кичик тиббиёт ходимларига – 10 миллион сўм;
 
бошқа ходимларга – 5 миллион сўм.
Президентимизнинг ушбу фармон ва қарори ижросини таъминлаш мақсадида коронавирусга қарши курашиш тадбирлари учун, шу жумладан, тиббиёт ходимларига қўшимча тўловлар учун 2020 йилнинг 23 март куни Молия вазирлиги қошидаги Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри Санитария-эпидемиологик осойишталик марказларининг ҳар бирига дастлабки равишда 5,0 миллиард сўмдан, жами 70,0 миллиард сўм ажратилди.
Шу ўринда айтиб ўтиш зарурки, ушбу маблағлардан фойдаланиш тартиби бўйича 2020 йилнинг 23 март куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларига Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қўшма хати жўнатилди ва унда ҳудудий Санитария-эпидемиологик осойишталик марказлари орқали тиббиёт ва бошқа ходимларга 6 фоизли ҳар кунлик қўшимча тўловларни тўлаш тартиби кўрсатиб ўтилди.
Бундан ташқари, 2020 йилнинг 27 март куни Тошкент вилояти санитария-эпидемиологик осойишталик марказига, унинг талабномасига асосан, қўшимча равишда 8,5 миллиард сўм ҳамда 7 апрель куни Андижон, Наманган, Фарғона вилоятлари санитария-эпидемиологик осойишталик марказлари талабномаларига асосан ҳар бирига қўшимча 5,0 миллиард сўмдан ажратилди.
Ушбу маблағлар ҳисобидан жорий йилнинг 14 апрелига қадар ҳудудий Санитария-эпидемиологик осойишталик марказлари томонидан республика бўйича:
2 263 ходимга, шу жумладан, 396 врачга, 801 ўрта тиббиёт, 615 кичик тиббиёт ва 451 нафар бошқа ходимларга жами 2 981 миллион сўм 6 фоизли ҳар кунлик қўшимча тўловлар тўланиши;
 
424 ходимга, шу жумладан, 92 врачга, 164 ўрта тиббиёт, 128 кичик тиббиёт ва 40 нафар бошқа ходимларга ҳар 14 кунлик фаолият даври учун 7 877,4 миллион сўм (ҳар бир ходимга 5 миллион сўмдан 25 миллион сўмгача) махсус қўшимча рағбатлантириш тўлови тўланиши таъминланди.
Маълумотларга кўра, 2020 йилнинг 15 апрель ҳолатига ҳудудий санитария-эпидемиологик осойишталик марказларининг ғазна ҳисобварақларида юридик мажбуриятлар билан банд қилинмаган 38,0 миллиард сўм захира маблағлари мавжуд.
Шу билан бирга, коронавирусга қарши курашиш тадбирларида қатнашаётган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга Президентимиз фармони ва қарори билан белгиланган қўшимча тўловлар учун барча зарур маблағлар Молия вазирлиги томонидан Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан ўз вақтида ва тўлиқ ажратилиб келинаётганлигини маълум қиламиз.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги
ЎзА