Ер участкасини ноқонуний олиб қўйганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда

Маълумки, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг жорий йил 7 апрель куни бўлиб ўтган ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилган эди. Ушбу лойиҳа Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан тайёрланиб, ялпи мажлис кун тартибига киритилган. 
Мазкур лойиҳа Президентимизнинг 2019 йил августдаги “Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг мулк ҳуқуқи кафолатланишини сўзсиз таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойиши асосида ишлаб чиқилган бўлиб, унда ер участкалари ноқонуний олиб қўйилганлиги ва шу муносабат билан мулкдорларга зарар етказилганлиги учун мансабдор шахслар жавобгарлигини кучайтириш масалаларига урғу берилган.
Дарҳақиқат, кейинги йилларда жойларда ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш борасида ҳокимлик ва идоралар томонидан қатор қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўйилмоқда. Мазкур ҳаракатлар оқибатида, фуқароларнинг ерга бўлган ҳуқуқлари поймол этилиб, уларда жойлашган кўчмас мулкларнинг дахлсизлигига путур етказилмоқда.
Ўтказилган ўрганишлар натижасида 1 минг 244 ҳолатда кўчмас мулк объектлари баҳоланмагани, 430 кўчмас мулк объектига тегишли компенсация берилмагани, 846 ҳолатда кўчмас мулк объектлари мулкдорлари хабардор этилмаган ҳолда бузиб ташлангани аниқланди. Шунингдек, 1 минг 388 ҳолатда мулкдорларни хабардор қилиш муддатлари бузилган.
Бундан ташқари, махсус тузилган ҳудудий ишчи гуруҳлар томонидан ўтказилган хатловлар натижасида давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилган 4 минг 378 турар ва нотурар жой объекти бўйича 1,1 триллион сўм қарздорлик мавжудлиги маълум бўлди.
Шулардан келиб чиқиб, янги қонун лойиҳасида ер участкаларини қонунга зид равишда олиб қўйганлик учун мансабдор шахслар жавобгарлиги кучайтирилмоқда. Хусусан, унда Жиноят кодексига янги 1731-модда – “Ер участкасини ноқонуний олиб қўйиш”, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга янги 613-модда – “Ер участкасини ноқонуний олиб қўйиш” ҳамда Жиноят-процессуал кодексига қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритиляпти.
Мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши ер участкасини олиб қўйиш тартибига риоя этмаганлик ҳамда бунинг оқибатида мулкдорларга зарар етказганлик учун жавобгарликни кучайтириш орқали жисмоний ва юридик шахсларнинг мулк ҳуқуқи ҳамда қонуний манфаатларини таъминлайди.
Ушбу қонун лойиҳаси долдзарблиги боис депутатлар томонидан қабул қилинди ва Олий Мажлис Сенатига юборилди.
А.ЎРИНБОЕВ, 
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

 

ЎзА