Карантин шароитида хорижда таълим олаётган талабага пул қандай жўнатилади?

Марказий банк департаменти директор ўринбосари Акмал Назаров бу саволга қуйидагича жавоб берди.
“Хорижда бўлган яқинларига пул ўтказмоқчи бўлган юртдошларимиз Золотая Корона, Вестерн Юнион, Юнистрим ва бошқа банк ўтказмаларидан фойдаланиши мумкин. Тижорат банклари филиалларида одатдагидек тартибда ишлаётган бу амалиётларни ҳеч қандай чекловларсиз амалга ошириш мумкин.
Агар сизда хорижий давлатга пул ўтказмасини амалга ошириш учун зарурат туғилса, бунинг икки усули бўлиб, бирини танлашингиз керак.
Биринчидан, агар халқаро пластик карта эгаси бўлсангиз, ундаги маблағни онлайн конверсия қилиш орқали хориждаги яқинингизга жўнатишингиз мумкин.
Бундан ташқари ҳозирги карантин шароитида банкнинг ишонч телефонига мурожаат қилсангиз, банк шу асосдан ҳудудингиздаги комиссия штабига боғланади ва уйингизга махсус ички ишлар ходими боради. У сизнинг банк филиалига бориб келишингизни таъминлайди. Фақат банкка бораётганда шахсни тасдиқловчи ҳужжат билан боришни ва карантин қоидаларига амал қилган ҳолда ҳимоя ниқоби, антисептик воситалардан тез-тез фойдаланиб туришингизни сўраймиз”.

 

Сайёра Шоева, ЎзА