Ўзбекистон мусулмонлари идораси фатво ҳайьати 2020 йил учун закот миқдорини маълум қилди.
Фатво ҳайъати 1 грамм тиллонинг бугунги кундаги ўртача нархи 250 000 (икки юз эллик минг) сўм эканини эътиборга олиб, милодий 2020 йил (ҳижрий 1441 йил) учун ЗАКОТ нисобини (85 г. тиллодан) 21 250 000 (йигирма бир миллион икки юз эллик минг) сўм деб белгилади. Мазкур қийматнинг қирқдан бири (1/40), яъни закот учун чиқариладиган қисми 531 250 (беш юз ўттиз бир минг икки юз эллик) сўмга тенг бўлади.
Шунга кўра, зарурий эҳтиёжидан ташқари бир йил давомида 21 250 000 (йигирма бир миллион икки юз эллик минг) сўмдан ортиқ маблағга эга бўлган мусулмон киши, жами маблағининг қирқдан бири (1/40)ни закот сифатида камбағал ва фақирларга бериши фарздир.
Одатда, ҳар йили Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати томонидан нисоб миқдори Рамазон ойида эълон қилинар эди. Лекин, бугунги кунда бутун дунё бўйлаб, жумладан, юртимизда ҳам коронавирус пандимеяси тарқалишининг олдини олиш мақсадида, юртимизда карантин эълон қилиниши сабабли, заруратсиз уйдан ташқарига чиқиш мумкин бўлмай қолди.
Табиийки, бундай пайтда аҳолининг моддий ёрдамга муҳтож бўлган қисмини қўллаб-қувватлашнинг зарурати туғилди ва айни пайтда бу ажр-савоби кўп бўлган амалдир. Мана шундай вазиятда моли нисобга етган бой-бадавлат кишилар молларининг закотини ҳам ҳақдорларга беришлари айни савобли амаллар сирасига киради, дейилади фатво ҳайьати хабарида.
Мазкурларни инобатга олган ҳолда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати закот нисобини Шаъбон ойида чиқаришга қарор қилди.