Ўзбекистон ва жаҳон тарихида 14 апрелда содир бўлган муҳим воқеалар
ЎЗБЕКИСТОН ТАРИХИДА
1395 йил (бундан 625 йил олдин) – Олтин Ўрда ҳукмдори Тўхтамишхон армиясини жанговар сафга тизиб, жанг қилиш мақсадида келаётганлигидан хабар топган Амир Темур қўшиннинг қисмларини олға юритиб, душманга қарши боради.
Шу куни ҳар бири 300 минг атрофидаги икки армия бир-бирига яқин масофага келиб, ўз қароргоҳларини ўрнатади ва тунни эртанги куни бўлажак ҳал қилувчи тўқнашув хаёлида ўтказади. Ўрдугоҳ (қароргоҳ)да бемақсад у ёқдан бу ёққа юриш ман қилинади.
1469 йил (бундан 551 йил олдин) – рамазон ҳайити муносабати билан уюштирилган қабул маросимида Алишер Навоий Ҳусайн Бойқарога ўзининг янги ёзган “Ҳилолия” қасидасини тақдим этди. Подшоҳ 28 ёшли Алишер Навоийни муҳрдорлик мансабига тайинлади.
1886 йил (бундан 134 йил олдин) – нью-йорклик боксчи, хизмат кўрсатган спорт устози Сидней Жаксон таваллуд топди (вафоти – 1966 йил). У Биринчи жаҳон урушидан олдин АҚШнинг кучли боксчиларидан бири саналган. Нью-Йорк терма жамоасининг аъзоси сифатида Россияга келди, уруш туфайли ватанига қайтиб боролмади. 1922 йилдан умрининг охиригача Тошкентда яшади.
Бу ерда биринчи бокс тўгараги ташкил этди ва Ўзбекистонда спортнинг бу тури ривожланишига катта ҳисса қўшди. Илк бокс мусобақаси 1922 йил Тошкентдаги “Фортуна” спорт жамиятида ўтказилди. Уни Сидней Жаксон уюштирди. У республика терма жамоасининг доимий мураббийси сифатида бокс бўйича юзлаб спорт усталари тайёрлади. 1938–1942 йилларда Тошкент педагогика институтида ўқиди, сўнгра шу ерда инглиз тилидан дарс берди.
1916 йил (бундан 104 йил олдин) – қўқонлик композитор, Ўзбекистон халқ артисти Сулаймон Юдаков таваллуд топди (вафоти – 1990 йил). Унинг “Майсаранинг иши” биринчи ўзбек ҳажвий операси Тошкент, Самарқанд, Ашхобод, Душанбе, Бишкек, Уфа, Москва, Лодзь (Польша) театрларида саҳналаштирилган. Қўшиқларидан “Дугоналар”, “Давра қўшиғи”, “Жон Ўзбекистон”, “Карнавал вальси” ва бошқалар оммалашган.
2000 йил (бундан 20 йил олдин) – “Урганч” аэропортининг аэровокзал мажмуаси фойдаланишга топширилди.
2007 йил (бундан 13 йил олдин) – ўзбек боксчиси Руслан Чагаев Германиянинг Штутгарт шаҳрида профессионал бокснинг WBА йўналиши бўйича жаҳон чемпиони Н. Валуев билан бўлган беллашувда ғалаба қозониб, ўта оғир вазн тоифаси бўйича жаҳон чемпиони унвонини қўлга киритди.
ЖАҲОН ТАРИХИДА
1629 йил (бундан 391 йил олдин) – нидерландиялик физик, механик, математик ва астроном Христиан Гюйгенс дунёга келди (вафоти – 1695 йил). У 1655 йилда Сатурн ҳалқалари ва унинг йўлдоши Титанни кашф қилди, 1657 йилда, 28 ёшида биринчи бўлиб маятникли соатни ихтиро қилди.
1879 йил (бундан 141 йил олдин) – Қишки сарой атрофида қўриқчилар ва ҳамроҳларсиз эрталабки сайрга чиққан Россия императори Александр II га суиқасд қилинди. Террорчи Александр Соловёв револьвердан императорга 5 марта ўқ узди, аммо мўлжалдан адашди.
1886 йил (бундан 134 йил олдин) – татар шоири, публицист Абдулла Тўқай таваллуд топди (вафоти – 1913 йил). У татар адабиётида танқидий реализмга, болалар адабиётига асос солди. Замонавий татар адабий тилини яратувчилардан бири бўлди. Татаристонда 1966 йилда Абдулла Тўқай номидаги республика давлат мукофоти таъсис этилган. Тошкентдаги кўчалардан бирига Абдулла Тўқай номи берилган.
1912 йил (бундан 108 йил олдин) – “Титаник” айсберг билан тўқнашди. 14 апрел соат 23:39 да кемадаги олдинни кузатувчи капитан кўприкчасига йўналиш бўйлаб тўғрида айсберг борлиги тўғрисида хабар берди. Орадан бир дақиқа ҳам ўтмасдан тўқнашув содир бўлди. Кемада бир неча ёриқлар пайдо бўлгач, пароход чўка бошлади.
1931 йил (бундан 89 йил олдин) – Испанияда қирол Альфонс XIII тахтдан воз кечишга мажбур бўлди ва мамлакатдан бадарға қилинди ҳамда II Республика эълон қилинди.
2010 йил (бундан 10 йил олдин) – Исландияда Эйяфьядлайокудль вулқони отилиши натижасида Европа кул остида қолди. Европа давлатларидаги самолёт қатнови вақтинча тўхтатилди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ
ЎзА