Биз бирлашсак катта кучмиз

Бугун бутун дунё ҳамжамияти коронавирус касаллигидан жабр чекмоқда. Бу касалликнинг дунё бўйлаб тарқалиши, ундан касалланганлар сонининг кескин ортиб бораётгани барчани ташвишга солмоқда.
Мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида бу инфекциянинг аҳоли ўртасида кенг тарқалиб кетишининг олдини олиш бўйича барча зарур чоралар амалга оширилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг қатъий позицияси, халқсевар сиёсати, қабул қилаётган оқилона фармон ва қарорлари пандемияни жиловлаш ва унинг салбий таъсирини юмшатишга замин яратмоқда.
Бугун Президентимизнинг “Ишонтириб айтаманки, коронавирус тарқаб кетмаслиги учун давлат барча чораларни кўради. Аммо шу синовли дамларда ҳар бир ўзбекистонлик, ҳар бир идора, жамоатчилик вакиллари бир мушт бўлиб ҳаракат қилишимиз керак. Касалликни маҳалламизга, уйимизга, оиламизга олиб кирмаслик учун энг аввало ўзимиз масъулмиз”, деган сўзлари барчамиз учун дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир.
Тарихга назар ташлар эканмиз, халқимиз кўпгина қийин синовларни бошидан ўтказган. Лекин, шунга қарамай бизнинг мард ва жасур халқимиз “бир ёқадан бош, бир енгдан қўл чиқариб” мардонавор енгиб ўтган. Ўзининг юксак маънавияти, маданияти билан донг таратган халқимизнинг сабри, мустаҳкам иродаси билан фахрлансак арзийди.
Муйноқ туманида ташкил этилган маънавий-маърифий тадбирларнинг бирида туман экология музейида бир чет эллик билан суҳбатлашдим. Франциялик кинорежиссёр Амударё бўйи одамлари ҳақида ҳужжатли фильм суратга олаётган экан. Мен қизиқиб, ундан халқимиз ҳақидаги фикрини сўрадим. “– Мен, И.Савицкий музейини бориб кўрдим. Халқингизнинг бой тарихий-этнографик буюмларини, миллий либосларини кўрдим, албатта бундай кўҳна тарихга эга халқ – буюк халқ ҳисобланади…” деган фикрлари менда улкан фахр туйғусини уйғотди.
Албатта, биз ҳаммамиз — бир кучмиз. Барчамиз бир бўлиб, энг қийин вазиятларда доимо мамлакат учун, давлат учун жипслашиб, ўз билим ва салоҳиятимиз билан халқ хизматига камарбаста бўлишимиз керак.
Қ.ЮСУПОВ,
Республика Маънавият ва маърифат маркази 
Қорақалпоғистон бўлими раҳбари
ЎзА