Американинг «Apple» корпорацияси шу йил кузда 5G алоқа технологиясида тўртта янги смартфонни бозорга чиқаришни мўлжалламоқда, шунингдек, Pro моделларининг дизайни ҳам янгиланади, деб маълум қилди Блумберг агентлиги.
Бундан аввал Nikkei Asian Review газетаси коронавирус пандемияси глобал талабга салбий таъсир кўрсатиши ҳамда Apple компаниясининг маҳсулот ишлаб чиқариш жадвалини издан чиқариши мумкинлиги ҳақида ёзган эди. Шунингдек, хабарда iPhone 5G смартфонларини ишлаб чиқариш кейинга қолдирилиши мумкинлиги ҳам айтилганди.
Агентлик тарқатган маълумотда таъкидланишича, Apple куз ойларида iPhone 11 Pro ва iPhone 11 Pro Max моделларининг изидан яна иккита топ моделдаги смартфонларни ишлаб чиқаришни режалаштирган. Уларнинг дизайни 2018 йилда чиқарилган iPad Pro моделига ўхшаб кетади. Шунингдек, iPhone 11 ўрнига янада арзонроқ иккита модель ҳам тақдим этилади.
Ушбу икки Pro модели 3-D LIDAR тизими, орқа панелга учта камера ва катта ўлчамдаги экран билан жиҳозланади.
Янги моделларнинг тақдимоти одатдаги вақтдан бир икки ҳафта кейин ўтказилиши ҳам мумкин, дейилади мазкур хабарда
ЎзА