Шифокорларнинг коронавирусни оммавий юқтириб олгани текширилади

Ўш шаҳридаги инфекцион вазият мутахассислар томонидан ўрганилади. Маълумки, Ўш вилоятида тиббиёт ходимлари оммавий равишда коронавирус инфекциясига чалинган эди. Бу ҳақда Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилган.

Таъкидланишича, тиббиёт ходимларининг вирусни юқтириши билан боғлиқ ҳар бир ҳолат ўрганилади. Маълумотга кўра, юқтирганлар орасида шифокор ва ҳамширалар, инфекционистлар, лаборантлар, эпидемиологлар, ошхона ва кир ювиш ходимлари ҳам бор.

8 апрелдан Қирғизистонда COVID-19ни юқтириш хавфи бўлган ҳудудларда ишлаётган тиббиёт ходимларига март ойи учун товон тўлаш бошланди. Тўлов пули иккита тоифага – карантин-казарма ҳолатида бўлган ходимлар ва кундузги навбатчилик жадвали бўйича ишлаётганлар учун тўланмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, шифокорлар 46 минг сомгача (540 долларга яқин), ўрта тиббиёт ходимлари 41 минг сомгача, кичик ходимлар 38 минг сомгача, кундузги жадвал асосида навбатчилик қиладиганлар 29 минг сомдан товон пули олади. Тўловларда тиббиёт ходимининг тоифаси ва юқтириш ўчоғида бўлган вақти эътиборга олинади.

 

ЎзА