Бугун одам юрса оёғи, қуш учса қаноти куядиган Қизилқум чўли инсоннинг букилмас матонати, азму шижоати олдида яна бир бор таслим бўлди. Бу ерда қарийб 350 кунда 350 километрдан зиёд чўл бағри ёриб ўтилиб, янги темир йўли бунёд этилди.
Сир эмас, юртимизнинг денгиз йўлларидан олисда жойлашгани миллий иқтисодиётнинг ўсиши, маҳсулотлар рақобатбардошлигини таъминлашга тўсқинлик қилаётган жиддий омиллардан бири саналади. Айни пайтда Европа ва Осиё мамлакатлари ўртасида савдо-иқтисодий муносабатларнинг тобора ривожланаётгани натижасида қадимий Буюк ипак йўлини қайта тиклашга эътибор кучаймоқда. Энг асосийси, халқимизнинг транспорт хизматларига бўлган талаби ошиб бораётган ҳозирги даврда замонавий талабларга ҳамоҳанг транспорт инфратузилмасини яратишни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда.
2016 йил декабрь ойида қурилиши бошланиб, шу йил сентябрь ойидан ишчи поездлари қатнови йўлга қўйилган Бухоро – Мискин темир йўлининг фойдаланишга топширилиши мамлакатимизда транспорт коммуникацияси олдида турган мана шундай масалаларга ечим топиш йўлида олиб борилаётган ислоҳотларнинг яна бир амалий ифодасига айланди.
Янги темир йўлнинг фойдаланишга топширилиши муносабати билан Қорақалпоғистон Республикасининг Мискин масканида тантанали маросим бўлиб ўтди. Тадбирда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти мутасаддилари, ишчилар, муҳандис-техник ходимлар, соҳа фахрийлари, журналистлар қатнашди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил 10-11 март кунлари Бухоро вилоятига ташрифи чоғида ушбу лойиҳа билан танишиб, қурилиш ишларини жадаллаштириш бўйича муҳим тавсиялар берган эди.
Темир йўл қурилиши Бухоро вилоятининг Бухоро тумани ва Қорақалпоғистон Республикасининг Мискин масканида бир пайтнинг ўзида бошланди. Ишнинг яхши ташкил этилгани самарасида умумий узунлиги 355 километр бўлган темир йўл линиясида лойиҳанинг биринчи босқичи муваффақиятли якунланди.
Қурилиш давомида қарийб 22 миллион куб метрлик тупроқ ишлари бажарилди. 121 сунъий иншоот, 12 кўприк ва 6 йўл ўтказгич, 5 станция ва 5 разъезд барпо этилди. Бунёдкорлик ишларига 2 мингга яқин ишчи-мутахассис, мингдан зиёд қудратли замонавий техника ва механизмлар жалб этилди. Мустақиллик йилларида барпо этилган Султон Увайстоғ – Нукус, Тошгузар – Бойсун – Қумқўрғон, Ангрен – Поп темир йўл линиялари қурилишида мамлакатимизнинг улкан техник имконияти билан бирга, ишчи-мутахассисларнинг катта салоҳияти ҳам намоён бўлган эди. Ана шу лойиҳаларда орттирилган тажриба Бухоро – Мискин линиясини бунёд этишда алоҳида аҳамиятга эга бўлди.
Ҳозирча бу йўлда юк поездлари ҳаракатланади. Бу эса мазкур ҳудуддаги қазилма бойликларини ўзлаштириш, улардан самарали фойдаланиш ва шу билан бирга янги ишлаб чиқариш корхоналарини очишга хизмат қилади.
Шу пайтга қадар Тошкент шаҳридан Урганчга қатновчи поездлар Навоий – Учқудуқ – Мискин магистрали орқали 1064 километр йўл босган бўлса, эндиликда бу масофа қарийб 100 километрга қисқарди. Бу вақт, ёқилғи ва бошқа харажатларни тежаш имконини беради.
Мазкур темир йўлнинг иккинчи босқичида электрлаштириш ишлари амалга оширилади. Электрлаштириш ишлари ниҳоясига етгач, мазкур линия Тошкент – Самарқанд – Навоий – Бухоро – Урганч йўналишида юқори тезликда ҳаракатланувчи экологик хавфсиз электропоездлар қатновини йўлга қўйишда муҳим бўғин вазифасини ўтайди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари – “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти раиси А.Раматов, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси М.Ерниязов, Хоразм вилояти ҳокими И.Собиров, Бухоро вилояти ҳокими Ў.Барноев сўзга чиқди.