Миллий боғ маънавий ҳаётимизнинг кўзгусига айланади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 11 январь куни Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишди.

Президентимиз Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғига ташриф буюрди.

Шавкат Мирзиёев Президентлик фаолиятининг дастлабки кунларидан бошлаб адабиётга, маънавиятга алоҳида эътибор қаратмоқда. Соҳани ривожлантириш, маънавий ҳаётимизда ўчмас из қолдирган атоқли ёзувчи ва шоирларнинг тарихий хотирасини абадийлаштириш, ёш авлоднинг маданий-маърифий савиясини юксалтириш юзасидан қатор ташаббуслари нафақат адиб ва шоирларни, балки бутун халқимизни руҳлантирди.

Буни 2019 йил адоғида ўзбек романчилиги асосчиси Абдулла Қодирий хотирасига юксак эҳтиром кўрсатилиб, пойтахтимизда унинг номида ижод мактаби ва музей, адибнинг муаззам ҳайкали очилганида ҳам кўрамиз. 2020 йил ҳам халқимиз, миллий адабиётимиз учун шундай хайрли ишлар билан бошланди. Давлатимиз раҳбари янги йил бошида Миллий боғдаги Адиблар хиёбонида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишди.

Алишер Навоий бобомиз номи билан аталувчи Ўзбекистон Миллий боғини адабиёт ва маънавият боғига айлантириш ташаббуси бундан уч йил илгари Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган эди. 2017 йил февраль ойидаги ташрифи чоғида давлатимиз раҳбари мазкур боғни халқимизнинг маданий-маърифий савиясини юксалтирадиган, ёшларимизда Ватанга муҳаббат, адабиётимизга ҳурмат туйғусини камол топтирадиган чинакам ижод ва маънавият масканига айлантириш юзасидан тавсиялар берган эди.

Орадан кўп ўтмай, ўша йил 18 апрелда Президентимизнинг “Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи ҳудудида Адиблар хиёбонини барпо этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарор асосида боғ ҳудудида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари бошланди. Ўша йили декабрь ойида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг замонавий биноси фойдаланишга топширилди. Давлатимиз раҳбари боғда барпо этилаётган Адиблар хиёбони лойиҳалари билан танишди, ижодкорлар учун барча шароит яратилган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг янги биносини кўздан кечирди, ёзувчи ва шоирлар билан учрашиб, муҳим вазифаларни белгилаб берди.

Шу асосда Адиблар хиёбонидаги бунёдкорлик ишлари янги босқичга чиқди. Бу хиёбон Алишер Навоий ҳайкали билан уйғун бўлиб, яхлит меъморий ансамбль ҳосил қилиши учун янги лойиҳа ишлаб чиқилди. Унга кўра, 8 гектардан зиёд ҳудуд ободонлаштирилиб, Алишер Навоий ҳайкалини қайта ўрнатиш белгиланган.

Адиблар хиёбонида ўзбек адабиётининг маънавий-маърифий шажараси сифатида етук адибларимиз ҳайкалларини ўрнатиш кўзда тутилган. Бу ерда Президентимиз ғояси асосида шу пайтга қадар ўрнатилган ҳайкаллар қаторидан Бобур, Огаҳий, Муқимий, Фурқат, Беҳбудий, Чўлпон, Абдулла Қодирий, Абдулла Авлоний каби мумтоз адабиётимиз дарғалари, шунингдек, Тўлепберген Қаипбергенов, Ибройим Юсупов, Александр Файнберг сингари замонавий адабиётимиз вакилларининг ёдгорлик мажмуалари ўрин олади.

Шавкат Мирзиёев бу ерда олиб борилаётган ишлар, ҳайкаллар кўринишига оид лойиҳалар билан танишди. Ҳайкаллар ёнида лавҳлар ўрнатиб ҳамда аудиоёзувлар орқали ҳар бир адиб ҳақида қисқача маълумот бериш, уларнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган тадбирлар ўтказиш учун қўшимча шароит яратиш зарурлигини таъкидлади. Алишер Навоий ҳайкали гумбазини безатиш, ҳудудни ободонлаштириш юзасидан кўрсатмалар берди.

Адиблар хиёбони ёнида Тошкент музейи ташкил этилади. Музей собиқ Ўзбекистон маданияти ва санъати кўргазмаси биносида фаолият бошлайди. Айни пайтда мазкур бинони реконструкция қилиш якунланмоқда.

Ўзбекистон тарихи давлат музейи филиали бўладиган мазкур музей Шош, Чоч, Бинкат, Бинокат каби номлар билан аталган Тошкент шаҳрининг қадимги даврлардан то XVI асргача бўлган тарихини ўзида қамраб олади. Музейда Тошкент шаҳрининг тарихий даврлари ноёб экспонатлар, қимматли манбалар ва кўргазмали экспозициялар асосида акс эттирилади.

Жумладан, биринчи қаватда қадимий Тошкентнинг электрон макети жойлашади. Томошабин ушбу электрон макет орқали ўтмишда Тошкент қандай бўлгани, шаҳарнинг ривожланиш жараёнлари ҳақида тасаввур ҳосил қилади. Иккинчи қаватдан турли даврларга хос экспозициялар ўрин олади.

Умуман ушбу музей нафақат юртдошларимиз, балки хорижий сайёҳлар учун қизиқарли бўлиб, янги туризм объекти сифатида халқимизнинг миллий ўзига хослигини кенг тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этади.

Давлатимиз раҳбари музей концепциясига оид лойиҳалар билан танишиб, унинг мазмун-моҳиятини бойитиш бўйича ўз фикрларини билдирди.

– Тошкент тарихи, бу ерлик алломалар мероси ҳали тўлиқ ўрганилмаган. Бу жой илмий асосланган, шаҳарнинг буюк ўтмишини ёшларга, меҳмонларга етказадиган маскан бўлиши керак, – деди Президент.

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи негизида замонавий ва юқори технологияли маданият ва истироҳат боғи ҳам барпо этилмоқда.

Президентимиз истироҳат боғи қурилишини ҳам кўздан кечирди.

Мазкур боғ концепциясида миллий меъморлик анъаналари ва замонавий шаҳарсозлик уйғунлигига алоҳида эътибор қаратилган. Лойиҳа Австралиянинг «Sanderson Group» компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Ушбу компания дунёдаги энг замонавий элликдан ортиқ парк лойиҳаларини тайёрлашда иштирок этган.

Давлатимиз раҳбарига лойиҳани амалга ошириш жараёни ҳақида маълумот берилди.

Боғ ҳудуди 21 гектар бўлиб, бу ерда жаҳон архитектураси дурдоналари намуналари, амфитеатр ва мусиқали фаввора, аттракционлар, оилавий ҳордиқ учун бошқа объектлар, йирик савдо-кўнгилочар марказ, қаср-сарой кўринишидаги тантанали маросимлар жойи, болалар кафеси ва бошқа масканлар барпо этилиши мўлжалланган.

Ҳудуд мусаффолигини таъминлаш мақсадида боққа каштан, қарағай, япон софораси, магнолия, дуб, қайин каби ҳавони тозаловчи ва кислород билан бойитувчи дарахтлар, буталар экилади. 70 ва 100 йиллик дарахтлар сақланиб қолинади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 4 сентябрдаги қарори асосида бунёдкорлик ишлари икки босқичда амалга оширилмоқда.

Биринчи босқичда 9 гектарда қурилиш-ободонлаштириш ишлари бажарилади. Замонавий океанариум, 650 ўринли амфитеатр, 57 метрли қаср, мусиқали фаввора, бинолар, ёпиқ оилавий кўнгилочар марказ, кинотеатр, 600 ўринли автомобиллар тўхташ жойи қурилади.

Боғдаги энг ноёб иншоотлардан бири океанариумдир. Бу ерда сиғими 1 миллион литргача бўлган 22 та аквариум бўлади. Океанариумда йигирмадан ортиқ турдаги ноёб балиқлар, денгиз жониворлари парваришланади.

Яна бир аҳамиятли жиҳати, ҳудуддаги биноларни қуришда Барселона, Париж, Москва, Лондон, Амстердам, Рим, Венеция, Прага, Вена, Берлин каби дунёга машҳур шаҳарлардаги архитектура намуналаридан фойдаланилди. Ҳудудда ушбу шаҳарларнинг ўзига хос таомлари, ширинликлари тайёрланади ва шунга хос муҳит яратилади.

Иккинчи босқичда 12 гектар ҳуддудда аттракционлар, аквапарк ва сайлгоҳлар қурилади. Дунёга машҳур «Диснейленд» паркининг аттракционлари нусхаларидан фойдаланилади. Италия, Германия ва АҚШда ишлаб чиқарилган шундай энг замонавий аттракционлар келтириб ўрнатилади. Миллий боғ ҳуддудидаги кўл ҳам реконструкция қилинмоқда.

Давлатимиз раҳбари истироҳат боғининг йил давомида ишлашини таъминлаш, одамлар оилавий дам олиши учун кенг имконият яратиш бўйича кўрсатмалар берди. Боғда Самарқанд, Бухоро, Хива каби шаҳарларимиздаги қадимий обидалар макетини ўрнатиб, ёшлар ва сайёҳларнинг тарихимизга қизиқишини ошириш муҳимлиги таъкидланди.

Ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши мазмунли маданий ҳордиқ чиқаришни ташкил этиш ва одамларнинг бўш вақтларини кўнгилли ўтказилишини таъминлайди, Тошкент шаҳрининг туристик жозибадорлигини оширади.

Шу ерда Тошкент шаҳри туманлари ҳокимлари билан мулоқот бўлди.

Тошкент шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган энг муҳим йўналишлар муҳокама қилинди.

Мутасаддиларнинг 8 январь куни Давлат бюджети параметрларини ижро этиш ва ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишидан олган хулосалари, уларни таъминлаш бўйича режалари эшитилди.

Туман ҳокимлари инвестициялар жалб этиб, янги лойиҳаларни ишга тушириш, тадбиркорларга муносиб шароит яратиб, маҳаллий бюджетни мустаҳкамлаш ва одамларнинг даромадларини кўпайтириш йўлида доим изланиши зарурлиги қайд этилди.

Ижтимоий соҳа, қурилиш ва коммунал тармоқларни ривожлантириш, аҳоли ва сайёҳлар учун қулайликларни ошириш бўйича ҳам истиқболдаги муҳим вазифалар белгиланди.

Шу куни Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тошкент шаҳридаги Халқ қабулхонасига ҳам ташриф буюрди.

Давлатимиз раҳбари сиёсатининг асоси бўлган халқ билан мулоқот тизими аҳоли манфаатларини таъминлаб, одамларнинг ҳаётга, давлатга ишончини мустаҳкамламоқда.

Яқинда Тошкент шаҳри, Бунёдкор шоҳ кўчаси 2-уйда янги Халқ қабулхонаси биноси фойдаланишга топширилди. Бу ерда фуқароларни қабул қилиш учун хоналар, Давлат хизматлари маркази шохобчаси, аҳолига бепул юридик ёрдам кўрсатувчи “Мадад” нодавлат-нотижорат ташкилоти бюроси, психолог, тиббий хизмат кўрсатиш, она ва бола хоналари, буфет, фуқаролар кутиш зали мавжуд. Бу ерда кунига 200 нафаргача мурожаатчини қабул қилиш мумкин.

Қабулхонада аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш, мурожаатларни кўриб чиқиш учун замонавий шароитлар яратилган. Фуқароларга қулай бўлиши учун соҳавий бўлимлар ташкил этилган.

Ўтган даврда Президент виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналари орқали 3 миллион 650 мингдан зиёд киши мурожаат қилгани жамиятимизда адолат тамойилларини мустаҳкам қарор топтиришда Халқ қабулхоналарининг аҳамияти нақадар юқори бўлаётганини кўрсатади. Мазкур мурожаатларнинг 2 миллионга яқини ҳал этилган, 1,5 миллион мурожаатчига ҳуқуқий тушунтириш берилган. Бундан ташқари, жойлардаги Халқ қабулхоналари томонидан сайёр қабулларда 1 миллион 700 минг фуқаро билан мулоқотлар ташкил этилган. Халқ қабулхонлари ва секторлар масъуллари уйма-уй юриши натижасида 988 минг муаммоли ҳолатга ечим топилган.

Давлатимиз раҳбари Халқ қабулхонасида яратилган шароитларга юқори баҳо берди.

– Бу ерга келган одам барча саволларига жавоб топиши, Тошкент бу борада намуна бўлиши керак, – деди Президентимиз.

 

Матназар ЭЛМУРОДОВ, Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,
Умар АСРОРОВ, ЎзА мухбирлари