Ёшларни илм-фан соҳасига жалб этиш ва уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

қ а р о р и

Сўнгги йилларда республикада илмий ва инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш, кадрлар тайёрлаш тизимини ислоҳ қилиш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда, иқтидорли ёшларни нуфузли миллий ҳамда халқаро олимпиадалар, мусобақалар ва танловларда салмоқли натижаларга эришишлари учун зарур шарт-шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ёшларнинг ижодий, интеллектуал ва тадбиркорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш, инновацион ғоялар, лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга жорий қилиш, иқтидорли талабалар, ёш олимлар ва тадбиркорларнинг инновацион фаолиятини рағбатлантириш, илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини кучайтириш учун зарур шарт-шароитлар яратилмоқда.

Шу билан бирга, ёш иқтидор соҳибларини инновацион тадбиркорлик соҳасига тизимли жалб қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар самарадорлигини ошириш, шу жумладан:

иқтидорли ёшларни ишбилармонлар ва етакчи олимлар билан ҳамкорликда иш юритиши учун ягона тизим яратиш ва шу асосда илм-фан соҳасида ёш кадрлар етиштириш тизимининг узвийлигини таъминлаш;

ишлаб чиқариш соҳасига юқори технологияларни татбиқ этиш ва илмий тадқиқотларга ёшларни жалб этиш ҳамда илмий-техник ва инновацион лойиҳаларни амалга ошириш учун платформалар яратиш талаб этилмоқда.

Иқтидорли ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишларни янада жонлантириш, мамлакат илм-фанининг халқаро миқёсдаги рақобатбардошлилигини таъминлаш, мавжуд илмий мактаблар салоҳиятини янада мустаҳкамлаш ҳамда уларнинг инновацион салоҳиятини ривожлантириш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг:

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаЁшлар академиясини (кейинги ўринларда – Ёшлар академияси) юридик шахс мақомисиз ташкил этиш;

Ёшлар академиясига раҳбарликни Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазирининг биринчи ўринбосарига юклаш;

Ёшлар академиясига ўзларининг инновацион лойиҳалари ва ғояларига эга иқтидорли ёшлар ва талабалар, 40 ёшгача бўлган олимлар ва тадбиркорлардан ташкил топган жамоаларни танлов асосида қабул қилиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Белгилансинки, Ёшлар академиясининг жамоалари аъзолари Ёшлар академияси аъзолари ҳисобланади.

2. Ёшлар академиясининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари билан ҳамкорликда ёшларнинг ижодий, интеллектуал ва тадбиркорлик салоҳиятини ошириш;

иқтидорли ва ташаббускор ёшлар бўйича ягона маълумотлар базасини шакллантириш ва мунтазам янгилаб бориш ҳамда уларнинг мамлакатнинг етакчи олимлари ва ишбилармонлари билан ҳамкорлигини таъминлаш;

илмий-тадқиқотларни бажариш иштиёқига эга иқтидорли ёшларни
қўллаб-қувватлаш, амалий ва инновацион тадқиқотларни олиб боришларига имкон яратиш, янги авлод ёш олимларини тайёрлаш бўйича тизимли ишларни амалга ошириш;

ёш олимлар томонидан аниқ вазифаларни ҳал этишга, ички ва ташқи бозорларда талаб юқори бўлган илғор технологик ишланмаларни ишлаб чиқишга қулай шароитлар яратиш;

илмий-инновацион акселератор ва бизнес-инкубаторларни ташкил этиш асосида ташаббускор ёшларни тадбиркорлик фаолиятига йўналтириш;

ёшларнинг стартап лойиҳаларини хўжалик бошқаруви органлари ва давлат улуши мавжуд корхоналарни изчил ривожлантириш бўйича замон талабларига жавоб берадиган, тижоратлаштириш даражаси юқори бўлган маҳсулотлар ва хизматларни ишлаб чиқаришга йўналтириш;

иқтидорли ёшларнинг ривожланган хорижий мамлакатларнинг нуфузли илмий марказлари, университетлари, технопарклари ва ишлаб чиқариш корхоналарида малака оширишларига кўмаклашиш;

халқаро ва маҳаллий даражада эътироф этилган ташкилотлар, университетлар, илмий марказлар билан яқиндан алоқалар ўрнатиш, уларнинг олимлари ва мутахассислари иштирокида маҳорат дарслари, тренинглар, шунингдек, долзарб илмий-инновацион йўналишлар бўйича конференциялар, семинарлар ва танловлар ўтказиш.

3. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Иқтидорли ёшлар билан ишлаш бошқармаси тугатилсин ва унинг 5 та штат бирлиги амалдаги молиялаштириш тартиби сақлаб қолинган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги тизимига ўтказилсин.

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг марказий аппарати тузилмасида вазирликка ўтказилаётган штат бирликлари ҳисобиданИқтидорли ёшлар билан ишлаш бошқармаси ташкил этилсин ва у Ёшлар академиясининг ишчи органи этиб белгилансин.

4. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар академиясининг ташкилий тузилмаси 1-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар академиясининг Васийлик кенгаши таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

5. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида Ёшлар академиясининг иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш Жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма) юридик шахс мақомисиз ташкил этилсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги, устав фондида (капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар, шунингдек, устав фондининг (капиталининг) 50 фоизи ва ундан ортиғи давлат улуши юқори бўлган корхоналарга тегишли юридик шахсларнинг инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш жамғармалари жами маблағларининг йилига 10 фоизи миқдоридаги маблағларини ҳар йили Жамғармага ўтказиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

7. Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари этиб белгилансин:

мазкур қарорнинг 6-бандида кўрсатиб ўтилган маблағлар;

Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси Кузатув кенгашининг қарорига асосан йўналтирилаётган маблағлар қисми;

Ёшлар академияси Васийлик кенгаши аъзолари – хўжалик бошқаруви органлари, давлат улуши мавжуд корхоналар ва бошқа ташкилотлар, шунингдек, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

Ёшлар академияси аъзолари томонидан инновацион, амалий ва стартап лойиҳалар натижалари асосида тайёрланган инновацион маҳсулотларни тижоратлаштиришдан олинадиган даромадларнинг бир қисми;

халқаро молиявий институтлар, донорларнинг грантлари ва кредитлари;

Жамғарманинг вақтинча бўш турган маблағларини тижорат банклари депозит ҳисобларига жойлаштиришдан тушадиган даромадлар;

Ёшлар академиясига бириктирилган бино ва иншоотларни ижарага беришдан олинган тушумлар;

ташкилотлар билан тузилган шартномалар доирасида олинган даромадлар;

қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

8. Жамғарма маблағлари қуйидагиларга йўналтирилиши мумкинлиги белгилаб қўйилсин:

инновацион, амалий ва стартап лойиҳаларни молиялаштиришга, шу жумладан, илмий-инновацион акселератор ва бизнес-инкубаторларни ташкил этишгаилғор технологик ишланмаларни ишлаб чиқишга;

Ёшлар академияси фаолиятини ташкил этиш, хорижий ва маҳаллий етакчи олимлар, мутахассислар ҳамда ватандошларни белгиланган тартибда жалб қилишга;

иқтидорли ёшларни ривожланган давлатларнинг нуфузли илмий марказлари, университетлари, технопарклари ва ишлаб чиқариш корхоналарида малака оширишларига, нуфузли илмий нашрларда мақолаларни чоп этиш, шунингдек, хорижий ва маҳаллий патентлаш харажатларини қоплашга;

илмий-амалий тадбирлар (симпозиум, конференция, семинар, тренинг, давра суҳбатлари, мастер-класслар ва бошқалар) ташкил этиш ҳамда халқаро илмий-амалий тадбирларда қатнашишга;

Ёшлар академиясининг мазкур қарорда белгиланган асосий вазифаларинирўёбга чиқаришга.

9. Белгилаб қўйилсинки:

Жамғарма томонидан Ёшлар академияси фаолияти билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш Васийлик кенгашининг қарорига асосан амалга оширилади;

Ёшлар академияси аъзоларининг лойиҳалари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июндаги “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури тўғрисида”ги ПФ–5466-сон Фармони асосида ажратилган маблағлар доирасида ўрнатилган тартибда молиялаштирилади;

Ёшлар академияси аъзоларининг малакасини ошириш ва уларни хорижий стажировкаларга юбориш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси дастурлари доирасида буюртмага асосан амалга оширилади;

давлат илмий-техника дастурлари доирасида бажариладиган ёш олимлар илмий-техник лойиҳалари Ёшлар академияси аъзолари томонидан амалга оширилади.

10. Иқтидорли ёшларни Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги “Ёшлар академияси” фаолиятига 2019-2020 йилларда жалб этиш бўйича “Йўл харита”си 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазири И.Ю.Абдурахмонов тасдиқланаётган “Йўл харита”сида назарда тутилган чора-тадбирларни ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли бажаришга шахсан масъул этиб белгилансин.

11. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги Ёшлар академияси аъзоларининг илмий-ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш, қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида 2020 йилнинг 1 апрелига қадар қуйидаги платформаларни ташкил этсин:

“Ғоялар генераторлари” – Ёшлар академиясининг асосий йўналишларига тегишли бўлган маълум бир муаммонинг ечимига қаратилган инновацион ғояга эга жамоалар платформаси;

“Стартаплар” – ўз ғояси ва ушбу ғояни амалга оширишга қаратилган стартап лойиҳалари ва уларни амалга ошириш бўйича аниқ режага эга жамоалар платформаси;

“Бизнес вакиллари” – фаолиятида илм-фан ва инновация ютуқларини қўллаган ва тегишли соҳада камида 1 йиллик тажрибага эга бўлган жамоалар платформаси;

“Бўлажак академиклар” – юқоридаги платформаларда фаол иштирок этган, мамлакатнинг илм-фан ривожланишига катта ҳисса қўшаётган юқори илмий салоҳиятга эга олимлар платформаси.

Белгилансинки, Ёшлар академияси фаолияти доирасида мамлакатимиз келажаги учун муҳим аҳамиятга эга бўлган сунъий интеллект, қайта тикланувчи энергия манбалари, робототехника ва мехатроника, фармацевтика, биотехнология, дастурлаш, саноат дизайни, 3D моделлаш ва бошқа истиқболли йўналишларда амалий, инновацион ва стартап лойиҳалари амалга оширилади.

12. Ёшлар академияси аъзолари учун замонавий инфратузилмага эга шароитлар яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги:

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий маркази, Илғор технологиялар маркази ва “Яшнобод” инновацион технопаркининг бинолари, лабораториялари, акселератори ва коворкинг марказларини Ёшлар академиясига бепул фойдаланиш учун ажратсин;

2020 йил 1 январга қадар Тошкент вилояти ҳокимлиги билан биргаликда Ёшлар академиясининг аъзоларига дунёнинг етакчи мамлакатлари тажрибаси асосида Тошкент вилояти Нурафшон шаҳрида барпо этилаётган “ақлли шаҳар” ҳудудида замонавий инфратузилмага эга кичик ва ихчам “Science Park” (Сайнспарк) ташкил этиш бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

13. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Ёшлар академияси аъзоларига бизнесни ташкил этиш ва ривожлантириш, шу жумладан, бизнес-режалар ва таъсис ҳужжатларини тайёрлаш, суғурта, бухгалтерия, ҳисобот бериш, бизнес шерикларни, мини-теxнологиялар ва ускуналарни топиш билан боғлиқ xизматларни ташкил этиш бўйича мунтазам маҳорат дарсларини олиб борсин.

14. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясига доимий равишда Ёшлар академияси фаолиятини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш, телерадиоканалларда интеллектуал йўналишдаги телерадиодастурларни ташкил этиш ва эфирга узатиш тавсия этилсин.

15. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ–3416-сон қарорига 4-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.

16. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги бир ой муддатда:

Ёшлар академиясининг низомини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

17. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А.Абдувахитов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

  Президенти                              Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2019 йил 30 август

 

ЎзА