Тошкентнинг илмий-маърифий, маданий ва бизнес маркази сифатидаги нуфузи юксалмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 25 июнь куни Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ва йирик лойиҳалар билан танишди.
Давлатимиз раҳбари дастлаб “Tashkent City” халқаро ишбилармонлик марказининг қурилиш майдонига ташриф буюрди.
Ушбу замонавий бизнес маркази саккизта лотга ажратилган ҳолда барпо этилмоқда. Шу пайтгача 7 миллион куб метр тупроқ ишлари бажарилиб, 50 дан зиёд бинога мустаҳкам пойдевор ўрнатилди. Бугунги кунда бетон каркаслар ва деворлар қурилиб, муҳандислик тармоқлари тортилмоқда.
Конгресс-холл ва “Hilton” меҳмонхонаси қурилаётган 5-лот энг илғор майдонлардан бири. Ушбу биноларда темир-бетон, металл конструкция ва том ёпиш ишлари якунланиб, қурилиш ҳажмининг 80 фоиздан зиёди битган. Ҳозир электр тармоқларини монтаж қилиш, ички пардозлаш ва механика ишлари бажарилмоқда.
Давлатимиз раҳбарига аввалги ташриф чоғидаги кўрсатмаларнинг ижроси ҳақида маълумот берилди. Жумладан, Конгресс-холлда барча форматдаги халқаро тадбирлар ташкил этиш учун замонавий шароитлар яратилмоқда. Бу ерда йирик саммитлар, нуфузли анжуманларни юқори савияда ўтказиш имконияти пайдо бўлади. Хорижий делегациялар вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, хизмат кўрсатувчилар учун зарур қулайликлар яратилади.
Президент Конгресс-холлга туташ қурилган 21 қаватли беш юлдузли “Hilton” меҳмонхонасини кириб кўрди. Маҳаллий ва хорижий инвесторлар билан суҳбатлашди.
“Tashkent City” шаҳарсозлик ва туризм йўналишида энг яхши тажрибани ўзида мужассам этади. Хусусан, унинг марказида барпо этилаётган 60 метрли мусиқали фавворага эга боғ яна бир туризм объекти бўлади. Ландшафт дизайни асосида қуриладиган боғда сунъий кўл, гуллар парки бўлиб, мажмуа манзарасига бошқача кўрк бахш этади.
Давлатимиз раҳбари Конгресс-холл ва меҳмонхонада юқори даражада хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш юзасидан қўшимча кўрсатмалар берди.
Президентимиз Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази қурилиши билан танишди.
Шавкат Мирзиёев ўтган йил июнь ойида бу ерга рамзий тамал тоши қўйган, декабрь ойида яна бир бор ташриф буюриб, юртимиз тарихини даврлар бўйича, ҳар бир аср ва алломага оид манбалар, ашёлар асосида намойиш этиш, қурилишни такомиллаштиришга доир тавсиялар берган эди.
Ўтган вақт мобайнида бу ерда улкан бунёдкорлик ишлари олиб борилди. Иморатнинг асосий қисми қурилди, айни пайтда томининг металл конструкцияларини монтаж қилиш ва бетон тўшама ишлари бажарилмоқда.
Уч қаватли марказ лойиҳаси шарқона услубда ишланган бўлиб, ундан анжуманлар ва кўргазма заллари, қадимий қўлёзма ва осори-атиқаларни таъмирлаш бўлимлари, тарихий манба ва ашёларни сақлаш хоналари, кутубхона ўрин олади. Бинонинг симметрик марказида Усмон Қуръони зали жойлашади. Ахборот-ресурс маркази, илмий кафедралар ва бошқа хоналар энг юқори қаватда бўлади.
Бугунги кунда фасад ва залларни бадиий безашга, керамика ишларига ҳозирлик кўрилмоқда. Франциялик мутахассислар билан ҳудуднинг ландшафт дизайнини барпо этиш бўйича лойиҳа тайёрланмоқда.
Президентимиз қурилишни кўздан кечирди, бинонинг ички ва ташқи кўриниши, гумбаз ранглари учун танланган намуналар билан танишди. Ушбу марказ ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган буюк алломаларимиз меросини ўрганадиган, динимизнинг асл моҳиятини халқимизга етказадиган илмий-маърифий маскан бўлиши кераклиги таъкидланди.
Юртимиздаги иккита олий ва еттита ўрта махсус диний билим юрти бу ерда “қайнаши“ керак, уларга ҳам жой бериш зарур. Чунки илм шу ерда бойитилади, талабалар олган билимини марказдаги буюк аждодларимиз меросига оид қимматли далиллар билан мустаҳкамлайди, деди давлатимиз раҳбари.
Алломаларимизнинг буюк меросини ёш авлод қалбига сингдириш учун залларга уларнинг ҳайкаллари, илмий кашфиётлари, қўлёзмалари, ўша даврга оид тарихий ашёларни ўрнатиш бўйича тавсиялар берилди. Бу жамиятда “Жаҳолатга қарши – маърифат” тамойилини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Ушбу марказ орқали халқимизнинг илм-маърифат, маданият ривожига қўшган ҳиссасини муҳрлаб қўймоқчимиз, шундай улуғ меросни халқимизга, ёшларимизга етказмоқчимиз. Ислом цивили
зацияси маркази мана шундай илмий муассасалар учун фундаментал база бўлиши лозим. Ўзбекистон халқаро ислом академиясидаги ўқув ишлари бу марказ билан ҳамоҳанг бўлиши, талабалар юқори курсларни шу ерда ўқиб, ўқитувчилар малака ошириши керак, деди Шавкат Мирзиёев.
Шу ерда Абдулла Қодирий номидаги маданият ва истироҳат боғи олдида адиб музейи ва унинг номида мактаб барпо этиш лойиҳаси муҳокама қилинди. Давлатимиз раҳбари ушбу мактабда ардоқли ёзувчимиз даҳосига хос муҳит бўлиши, унда таълим олган болалар миллий адабиётимизга ўзгача меҳр билан камол топиши зарурлигини таъкидлади. Мутасаддиларга лойиҳани такомиллаштириш бўйича топшириқлар берди.
Президентимиз жорий йил 9 май – Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида келаси йил Ғалабанинг 75 йиллиги байрами олдидан Тошкент шаҳрининг энг кўркам масканларидан бирида ушбу шонли санага бағишлаб Ғалаба боғи барпо этилишини таъкидлаган эди.
Айни пайтда пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги 11,6 гектар майдонда ушбу боғни бунёд этиш режалаштирилмоқда. Давлатимиз раҳбари унинг лойиҳаси ва қурилиш концепцияси билан танишди.
Ғалаба боғини барпо этишдан мақсад ёшларда тарихимиздан ғурурланиш туйғусини кучайтириш, Иккинчи жаҳон урушида жасорат кўрсатган қаҳрамонларимиз номини абадийлаштиришдан иборат.
Бу боғ халқимизнинг буюк ғалабага қўшган ҳиссасини намоён этиши, ота-боболаримизнинг қаҳрамонлигини боқийлаштириши керак. Бу ерда Иккинчи жаҳон уруши муҳити, ватандошларимиз қатнашган жанглар ҳақида маълумотлар акс этиши зарур, деди Шавкат Мирзиёев.
Боғнинг кириш қисмида Ғалаба аркаси ўрнатилиши кўзда тутилган. Генерал Собир Раҳимов ҳайкали олдида енгил конструкцияли амфитеатр ва катта саҳна қурилади.
Боғда уруш даври манзаралари, жумладан, окоп ва блиндажлар, чодирлар, дала ошхоналари ва бошқа лавҳалар акс этган композицион мажмуалар қурилади. Ўша даврдаги ҳарбий техника ва қурол-яроғ кўргазмаси очиқ осмон остидаги музей вазифасини ўтайди. Музей, кутубхона, кинотеатр барпо этилиб, Wi-Fi зона, ҳарбий тайёргарлик ва спорт ҳудуди ҳамда сайилгоҳ ташкил этилади.
Ўзбек аёлининг матонати тимсоли сифатида Зулфия ая Зокирова, унинг урушдан қайтмаган беш фарзанди ва бева қолган тўрт келини хотирасига бағишланган “Матонат мадҳияси” ёдгорлик мажмуаси ўрнатилади.
Боғнинг маъно-мазмуни, экспозициясини чуқур ўйлаш керак. У фақат байрам кунлари эмас, йил давомида ишлайдиган бўлсин. Бу ерга келган ёшлар илҳомлансин ва руҳлансин, ғурур-ифтихор туйсин, бугунги тинч кунларнинг қадрига етиб, ватанпарварлик ҳиссини мустаҳкамласин, деди Президент.
Мудофаа ва Маданият вазирликлари, Фанлар академияси, Бадиий академия, Тошкент шаҳар ҳокимлигига тарихчилар ва кенг жамоатчилик вакиллари билан маслаҳатлашиб, Ғалаба боғининг концепциясини такомиллаштириш юзасидан кўрсатма ва тавсиялар берилди.
Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган ушбу улкан лойиҳалар пойтахтимизнинг илмий-маърифий, маданий ва бизнес маркази сифатидаги нуфузини янада юксалтиришга хизмат қилади.

 

Матназар ЭЛМУРОДОВ, Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ, ЎзА мухбирлари