Тошкентда 4 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши аппарати билан Беларусь Республикаси Хавфсизлик кенгаши давлат котибияти ўртасида икки томонлама маслаҳатлашув бўлиб ўтди.
Тадбирда икки мамлакат хавфсизлик, мудофаа саноати мажмуаси, таҳлилий муассасалар вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенконинг саъй-ҳаракатлари сабаб ўзаро ишонч, давлатлараро муносабатларни ҳар томонлама ривожлантиришда мустаҳкам пойдевор яратгани таъкидланди. Бунинг натижасида Ўзбекистон – Беларусь муносабатлари барча соҳада жадал тараққий этиб бораётгани қайд этилди.
Ўзбекистон – Беларусь муносабатлари янги босқичга кўтарилгани хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги ҳамкорликнинг кўплаб йўналишларидаги ишларни амалий мазмун билан бойитди. Қисқа даврда шартномавий-ҳуқуқий база мустаҳкамланди, мудофаа, мудофаа саноати идоралари, фавқулодда вазиятлар вазирликлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва махсус хизматлар ўртасида режалар ишлаб чиқиш тажрибаси жорий қилинди, биргаликда амалий ҳаракатланиш ишчи механизмлари яратилди.
Маслаҳатлашув давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши аппарати билан Беларусь Республикаси Хавфсизлик кенгаши давлат котибияти ўртасида 2017 йилда имзоланган ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум ижроси, икки мамлакат ўртасида2019-2020 йилларга мўлжалланган хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик бўйича “Йўл харитаси”ни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.
Беларусь делегациясининг мамлакатимизга ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги махсус амалиётлар батальони, Тошкент ҳарбий округининг “Чирчиқ” умумқўшин полигони, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Чимёндаги объектлари, шунингдек, қутқарув гуруҳларининг тоғ шароитида инсонларни эвакуация қилиш жараёни билан танишиш кўзда тутилган.
Тадбирда биргаликда илмий-амалий тадқиқотлар олиб бориш, хавфсизликни таъминлаш ва барқарор ривожланишнинг долзарб масалалари бўйича амалий тавсиялар ишлаб чиқиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти билан Беларусь Стратегик тадқиқотлар институти ўртасида ўзаро англашув меморандумини имзолаш бўйича келишувга эришилди.
Ғ.ХОННАЗАРОВ, ЎзА